2018 йил сўнгида ёши улуғлар зиёратида бўлишни ният қилдик. Сарлавҳани ўқиб, кимдадир шубҳа ҳам пайдо бўлгандир... Бироқ, Фарғона вилояти, Бувайда тумани Қорақум қишлоғида яшайдиган 124 ёшли Ҳувайдо момо Умарова ҳақидаги маълумотларни ҳамқишлоқлари яхши билишади. Чунки, она уларнинг аждодлари билан ҳам бирга яшаган.


Учта юз йиллик билан юзлашган момо мисоли тирик тарихнинг ўзи. Унинг паспортида туғилган куни санаси – 1895 йил 1 январь.

Ҳувайдо онанинг ҳали хотираси тиниқ, гаплари дадил. Унинг жамиятдаги эврилишлар – колхозлаштириш, қулоқлаштириш, иккинчи жаҳон уруши, очарчилик даврларини аниқ-тиниқ эслаб гапиришидан ҳайратга тушасиз. Сўзлаши ҳам бошқача. Қадимий лутф билан, шоирона…

Ўтган аср бошидаги инқилоб, очарчилик кунлари ҳақида, Катта Фарғона канали қазилишида қандай меҳнат қилгани, уруш пайтлари эркаклар йўқлиги сабаб 9 гектар ғўзани аёл боши билан тунлари ўзи суғорганини ҳикоя қилади.
“Авлодингизда узоқ яшаганлар бўлганми?” дея савол бераман. Момонинг авлодида бир асрдан мўл яшаганлар кўп бўлган экан. “Отам, Тошмат ота 101 ёшга кирган. Тоғам, Муллақодир 130 йил яшаган. Сайдинисо аммам эса 125 йил умр кўрган”, дейди онахон.
“16 ёшимда турмушга беришган. Биринчи рўзғоримдан фарзанд бўлмади. Иккинчисидан аввал кўрган икки фарзандимиз турли касалликлардан вафот этган. 1935 йили яна бир ўғил фарзанд Ҳошимжоним туғилди ва яшаб кетди. Жами уч қиз, тўрт ўғилни катта қилганмиз. Ҳозир 50 нафар невара, 71 чевара, 28 эварам бор”, дея сўзлайди момо. Тўғриси, Ҳувайдо онанинг яқинлари авлод ичида “бегона”лари ҳам бор эканлигини айтишди. Ҳозир момо кенжа ўғли Ҳусанбой ва келини Дилоромхонлар билан бирга истиқомат қилади.

Момога эркалик қилиб: “Битта шеър ёки қўшиқ айтиб беринг”, дедим. Момо қадим ўзбек оҳангида ота-она ҳақида қўшиқ хиргойи қилди. Куйлаб-куйлаб, кўзига ёш олди.
Аслида, момо ҳазилкаш экан. Гап орасида, очарчилик пайти, колхозда қилинган меҳнатга қараб тушликда чўмичда овқат берилганини айтиб, “Пахта теришда нўноқроқ эдим. Зўрға 150 кило терардим”, дея мутойиба ҳам қилди.
















