Эркинлик икки карра икки тўрт эканлигини айта олишингдир.
Британиялик ёзувчи Жорж Оруэллнинг антиутопик йўналишда ёзилган «1984» романи дунёнинг энг машҳур асарлари рўйхатига киритилган. Асар ўзбек тилида ҳам нашр қилингандан сўнг ўзбек китобхонлари орасида тезда машҳур бўлиб кетди, асарни мутолаа қилиш, у ҳақида фикр билдириш ҳақиқий чэлленжга айланди. Ҳарқалай, рақсга тушиб, бошидан муздек сув қуйишдан кўра, фойдали ва тартибли мусобақа бошланди.
«1984» асарида ўтган асрнинг 80-йилларида Уммония (Англия, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралия, Океания, Жанубий Африканинг умумий номи) мамлакатида ҳукм сурган сиёсий тузум ҳақида сўз боради. Ном ҳам айнан воқеалар содир бўлган йилдан келиб чиқиб танлангандек. Китобда тасвирланган ҳолатлар тарихий далиллар билан солиштириб кўрилганда эса реал макон Собиқ совет иттифоқи бўлгани, инглиз социализми тушунчаси остида коммунизм назарда тутилгани, «1984» эса тоталитар тузум авж олган палла — 1948 йил экани (шунчаки рақамларнинг ўрни алмаштирилган) ҳақида ўқувчида эҳтимол пайдо бўлади.
Оруэлл дунёсида ўқувчини жалб қиладиган нарса – асарнинг номи. Дастлаб, унинг ишчи номи «Европадаги охирги инсон» бўлганди. Роботлашаёзган Ингсоц жамиятида яшаётган, хотираси, онги, ҳиссиётларини сақлаб қолишга интилган бош қаҳрамонни ёзувчи фақат ташқи кўриниши одамсимон бўлган махлуқ эмас, чин маънодаги Инсон сифатида кўрсатишни истайди. Кучли эҳтимол билан айтиш мумкинки, роман бу номда ҳам ҳозиргидан кам шуҳрат қозонмаган бўларди.
Асар воқеалари юз берган Уммонияда ягона партия, бошқарувчи ҳокимият, жамият Кўзи мавжуд. Аммо, у ерда тирик қонунлар йўқ. Нимаики партия истакларига уйғун бўлса, шуларнинг барчаси қонуний. Унинг манфаатларига зид ҳар қандай ҳолат, хатти-ҳаракат эса ғайриқонуний. Мантиқан қаралганда, партия – кишилар жамоаси, яъни асар бир гуруҳ кишилар истаги амалга оширилиши доимо қонуний саналган Уммония ҳақида.
Партиянинг ғоялари математик аксиомага ўхшайди, уни қандай бўлса, шундай қабул қилишга мажбурсан, нега ва қандай қилиб деган «ўринсиз» саволларга исбот талаб қилинмайди. Партияга шахс эмас, индивид, онгсиз индивид керак.
«1984» асари узоқ йиллар давомида (у 1949 йил чоп этилган) совет маконида тарқалмаганини тўғри тушуниш мумкин. Асар капиталистларнинг хуружи сифатида авторитар режимлар томонидан инкор этилган.
Унда тасвирланган Ингсоц (инглиз социализми) жамиятида бир неча вазирлик фаолият юритади — Ҳақиқат вазирлиги, Муҳаббат вазирлиги, Фаровонлик вазирлиги. Лекин биз қўллайдиган «исми жисмига монанд» тушунчаси шу нуқтада ўз маънисини батамом йўқотади: Ҳақиқат вазирлигида ҳақиқатдан бошқа ҳамма нарса бор. Фаровонлик вазирлиги исталган нарсага хизмат қилиши мумкин, фақат фаровонликка эмас. Муҳаббат вазирлигининг вазифаси эса муҳаббатни таг-томири билан йўқотиш. Шунга қарамай, Уммонияда фақатгина Катта Оғага нисбатан муҳаббат бўлиши мумкин. «Катта Оғага итоат қилиш — бари улар учун севимли машғулотлар».













