Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ушбу Қонуннинг мақсади ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақомини тўлиқ ифодалашни, унинг касбий фаолияти, ижтимоий-иқтисодий мавқеи, ижтимоий ҳимоя кафолатларини жорий этишни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишдан иборат.

Ўқитувчи педагогик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардир:

  • ўқув ва таълимнинг инсонпарварлик характер касб этганлиги, таълим олувчининг ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий маданий анъаналарга ҳурмат билан қараш;
  • қонун талабларининг устуворлиги;
  • ўқувчиларни тайёрлаш, ўқитиш, тарбиялашга шахсан йўналтирилган ёндашув;
  • умуминсоний ва ахлоқий қадриятларга риоя қилиш;
  • ватанга муҳаббат, юқори фуқаролик позицияси, халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар руҳида ўқувчиларни тарбиялаш;
  • таълимнинг узлуксизлиги;
  • педагогик фаолият усуллари ва шаклларини танлаш эркинлиги;
  • таълим принципларининг ягоналиги;
  • илм-фан, техника ва маданиятнинг энг сўнгги ютуқлари асосида ўз билимларини такомиллаштириб бориш;
  • болалар ва ёшлар бирлашмалари, меҳнат жамоалари, шунингдек фаолиятлари амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган манфаатдор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик.

Ўзбекистон Республикасида ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақоми жамият томонидан тан олинади ва уларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш учун шароитлар яратилади, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади ҳамда ижтимоий мавқеи ва обрў-эътиборини ошириш учун ҳуқуқ ва эркинликлар берилади.

Педагогик ишларнинг шартлари ва хусусияти ўқитувчи мақомини, ўқитувчининг ҳуқуқларини, мажбуриятларини ва жавобгарлигини ўз ичига олган шунингдек уларни амалга ошириш кафолатларини белгилайди.

Ўқитувчи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан мустаҳкамланган фуқароларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларига эга.

Мактаб тизимининг ташкил этилиши бутунлай ёки қисман ўзгартирилган бўлса ҳам, ўқитувчининг расмий мақомининг барқарорлиги давлат томонидан кафолатланади.