Спорт | 00:19 / 14.01.2019
19403
4 дақиқада ўқилади

Футболчилар Туркманистон устидан ғалаба кутилганидан осонроқ қўлга киритилганини таъкидлашди

Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтаётган Футбол бўйича XVII Осиё кубогининг “F” гуруҳи иккинчи тури доирасида ўтказилган Туркманистон – Ўзбекистон (0:4) ўйинидан сўнг футболчилар микст-зонада журналистлар саволларига жавоб қайтаришди.

Жамоа сардори Одил Аҳмедов:

— Очиғи, бу қадар осон ғалаба қўлга киритилади, деб ўйламаган эдим. Кейинги босқичга чиққанимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Кейинги ўйинларда ҳам чиройли ўйин намойиш этиб, мухлисларни хурсанд қиламиз, деган умиддаман.

Биринчи бўлимдаёқ тўрт гол киритилиши ҳақида гапирсам, болалар ҳам Марказий Осиё дербиси эканлигини тушуниб туришувди, шу сабабли кайфиятни яхши қилиб, тезроқ ва кўпроқ гол уришга ҳаракат қилиб ўйнадик ва бунинг уддасидан чиқдик. Бу эса кейинги ўйинимизни анча осонлаштирди.

Аввало, биз ҳар қандай ўйинга ғалаба қозониш учун чиқамиз. Кейинги босқичларда ҳар қандай рақиб тўғри келишидан қатъи назар. Чунки плей-офф босқичида кучсиз миллий жамоанинг ўзи бўлмайди. Шу сабабли, ҳозирча фикри хаёлимиз фақат Япония билан бўладиган ўйинга қаратилган.

Жалолиддин Машарипов:

— Ўйиндан аввал болаларда ғалаба бўлган чоғланиш жуда кучли эди. Лекин биринчи гол урилгунга қадар ўйин осон кечгани йўқ. Лекин ўйин натижасидан, йирик ғалаба билан мухлисларимиз кўнглини шод этганимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Олдинги ўйиндаги ғалаба бироз қийинроқ қўлга киритилгани, бу ўйинда эркинроқ ҳаракат қилганимиз ҳақидаги саволга жавоб берсам, бу ўйингача терма жамоа ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмади ва бу ҳол биринчи ўйинда жамоанинг ўзаро бир бирини тушунишида ўз аксини топди. Иккинчи ўйинга келиб болалар бир-бирларини анча яхши тушуна бошлашди. Мухлисларимиз стадионда мана шундай жонли қўллаб-қувватлаб туришса ўйинларимиз янада очилаверади.

Эктор Купер менга эътироз билдирган вазиятга тўхталсам, тўп билан финт қилганим унга ёқмади. У бундай нарсаларни ёқтирмайди. Лекин бундай қилиқлар мухлисларга ёқади ва ёшлигимдан бразилиялик футболчиларга хос бўлган финтларни ишлатишга қизиқиб келаман.

Энди Япония билан ўйинда ҳам тўлиқ куч билан ўйнаб, ўз кучимизга баҳо бермоқчимиз. Чунки Японияда жаҳон футболида ўз ўрнига эга жуда кучли терма жамоа ҳисобланади.

Ислом Тўхтахўжаев:

— Йигитлар мухлислар учун ҳаракат қилишди. Кейинги ўйинда гарчи бизни дуранг натижа қониқтирса ҳам ғалаба учун майдонга тушамиз.

Анзур Исмоилов:

— Албатта, олдинги ўйинга нисбатан ҳимоя чизиғимиз учун осонроқ бўлди. Лекин бу қадар осон ғалаба қозонамиз деб ўйламаган эдик, тўғриси. Голлар биринчи бўлимда киритиб бўлингач, иккинчи бўлимда мураббий кўрсатмасига кўра тартибли ўйнашга ҳаракат қилдик ва якунда бошқа гол киритилмади.

Кейинги босқичда Австралия тўғри келадими бошқасими – қўрқинчли эмас. Чунки қайси ўринни олсангиз ҳам плей-офф босқичида кучли жамоа рўпара келаверади ва ўша жамоани ютишга тўғри келади.

Мавзуга оид