Жамият | 11:50 / 14.01.2019
13157
3 дақиқада ўқилади

Севинч ёшлари қайғу ёшларига айланиши. Паст Дарғомда ногиронлиги бўлган она яна алданмоқда

Kun.uz сайтида 2018 йилнинг 28 декабрь куни «Ногиронлиги бўлган она яна алданиб қолмасин — Пастдарғомча «фонограмма» «жонли ижро»га айланармикан?» сарлавҳаси остида материал эълон қилинган эди.

Унда Паст Дарғом туманида яшовчи, икки фарзанднинг онаси, I гуруҳ ногиронлиги бўлган Севара Нурмуродовага Паст Дарғом тумани ҳокимлиги томонидан 2017 йил 24 декабрда икки хонали уй берилгани, аслида бу уй бошқа фуқарога тегишли бўлгани, уй тортиб олинаётгани ёритилган эди.

Ушбу мурожаатнинг ўрганиш жараёнида, Паст Дарғом тумани ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Толиб Ҳамзаев уйнинг ҳақиқий эгаси бошқа ердан қурилаётган янги уй-жойлардан олишга рози бўлса, Севара Нурмуродовага шу уйни расмийлаштириб беришлари мумкинлигини айтганди. Бу масала юзасидан уйнинг ҳақиқий эгаси билан суҳбатлашганимизда, у ҳам бошқа жойдан уй берилса, бу уй Севара Нурмуродовага расмийлаштириб берилишига эътирози йўқлигини билдирганди.

Паст Дарғом тумани ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Толиб Ҳамзаев бу масала юзасидан зарур ҳужжатлар бир ҳафтада расмийлаштирилишини айтганди.

Лекин ўтган вақт ичида бу ишда силжиш кузатилмаган.

«Туман ҳокимлиги мутасаддилари бу муаммо юзасидан ҳеч қандай иш қилишгани йўқ. Яна алдашда давом этишмоқда. Тўғриси, уларга ишончим қолмаган. Масала ечим топишига ҳам ишонмаяпман. Фақат ваъдалар билан чекланишаяпти», – дейди Севара Нурмуродова биз билан суҳбатда.

Ушбу ҳолат юзасидан Паст Дарғом тумани ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Толиб Ҳамзаев билан боғландик. У яна бу муаммо яқин кунларда ҳал этилиши ҳақида айтди.

Бу ваъдани мурожаатни ўрганиш давомида ҳам эшитгандик. Аммо амалий ҳаракат бўлмади. Пастдарғомча «фонограмма» давом этди.

Аввалги мақолада таъкидланганидек, аслида бошидан ҳаммаси алдовлар аралашмасдан амалга оширилганда, шунча муаммо юзага келмасди. Ногиронлиги бўлган аёл ҳам шунчалик овора бўлмасди. Унинг кўзларидан бир йил аввал тўкилган севинч ёшлари бугунга келиб қайғу ёшларига айланмасди.

Kun.uz туманнинг янги раҳбари Шунқор Фармонович Худойбердиев бу масалага эътибор қаратишига, ҳокимлик мазкур муаммони ҳал этишига умид билдиради ва воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид