Ўзбекистон | 13:23 / 23.01.2019
13705
2 дақиқада ўқилади

2030 йилда Ўзбекистонга 117 миллиард кВт/с электроэнергия керак бўлади – «Ўзбекэнерго»​

2030 йилга қадар, Ўзбекистонда электроэнергияга бўлган талаб 117 миллиард кВт/с га етиб бориши тахмин қилинмоқда. Айни пайтда эса «Ўзбекэнерго»​ АЖ йилига 56-58 миллиард кВт/с энергия ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақда жамият бошқарув раиси биринчи ўринбосари Руслан Мубаракшин Kun.uz'га маълум қилди.

«Республика бўйлаб, энергия ишлаб чиқариш умумий қуввати 14,1 минг мегаваттни ташкил этади. Шундан фақат 12 минг мегаватт энергия ишлаб чиқариш салоҳияти «Ўзбекэнерго»​га тегишли. Бундан ташқари, гидроэнергия ва генерация манбасига эга турли корхоналар мавжуд. Мустақиллик йилларида ишлаб чиқариш қуввати 3 минг мегаваттдан ортиқ даражага ошди. 2021 йилга қадар ишлаб чиқариш қувват 1,8 минг мегаваттга ошиши белгиланган»​, – дейди Руслан Мубаракшин. 

Шунга қарамай, республикада энергияга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда. Мубаракшинниг айтишича, 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда электроэнергияга бўлган талаб 117 миллиард кВт/с га етиб боради. Айни пайтда компания аввалги йил ҳисоботи билан солиштирганда 20-30 миллион кВт ошиқча энергия ишлаб чиқаряпти.

«Барча станциялар тўлиқ иш қувати билан ишлаяпти, бундан ташқари қўшимча-захира кучларимиз ҳам бор. Асосий муаммо – ёқилғи етишмаслигида. Ҳар йили энергияга бўлган талаб 3-4 фоизга ошиб бормоқда. Биз буни қоплаяпмиз. Ҳукумат томонидан олдимизга қўйилган вазифа ҳам шу: захира қувватларини ошириш ва барқарорликни таъминлаш»​, – дейди у.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таркибий ўзгаришлар, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификация қилиш бўйича фармонига мувофиқ «Ўзбекэнерго»​ АЖ да 2018 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда умумий қиймати 11 млрд. АҚШ долларига тенг 52 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид