Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон қўрғонида истиқомат қилувчи Рифат Каримовдан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда маҳалла аҳолисини қийнаётган бир нечта муаммолар баён этилган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Нурота туманига йўл олдик. Аҳоли билан учрашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

Нурота туманидаги Ғозғон қўрғонида 4 та – «Шайхон», «Мармаробод», «Гулистон» ва «Тумор» маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинларида 10 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Рифат Каримовнинг айтишича, уларни ичимлик суви, йўллар таъмирталаблиги, замонавий бозор йўқлиги ва қишлоқ орасидан ўтган сел йўлидаги кўприк талабга жавоб бермаслиги каби муаммолар йиллар давомида қийнаб келмоқда.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам ҳудудда ичимлик суви муаммоси бор. Сув махсус техникаларда олиб келинади ва аҳоли белгиланган нархда харид қилиб, ичимлик сувни ғамлайди. Ички йўлларни тегишли ташкилотлар томонидан таъмирланиши бошланган.

Сой йўлидаги кўприк ҳақиқатан яроқсиз ҳолга келган. Сел келганда қишлоқ орасидаги қатнов узилади.

Шунингдек, фақат ҳафтада бир кун бўладиган Ғозғон қўрғонидаги бозорда сотувчи ва харидорлар учун етарли шароит яратилмаган.

Муаммолар бор. Хўш, ечими-чи?

Муаммоларни ўрганишимиз давомида Ғозғон қўрғонига келган Нурота тумани ҳокими Жамолиддин Ҳамроев бу саволга жавоб берди ва аҳоли билан мазкур муаммолар юзасидан мулоқот қилди.

Туман раҳбарининг билдиришича, ҳудуддаги аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 мартдаги «2017-2018 йилларда Навоий вилоятининг Нурота туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 157-сонли қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига асосан Ғозғон қўрғонидан 14 километр узоқликда жойлашган Хумча участкасидан қиймати қарийб 11,366 миллиард сўм бўлган сув иншоотини (2 та ер ости тик қудуғи, 2 та 50 м.куб сув сақлаш ҳовузи, 2 та 1000 м.кубли сув сақлаш ҳовузи, 14 километрлик ичимлик сув қувури ҳамда сув иншооти) қуриш ишлари тўлиқ якунига етказилган. 2019 йилнинг март ойидан мазкур сув иншооти ишга туширилади ва аҳолига ичимлик сув етказиб берилади.