Naked Science нашрининг Global Times маълумотларига таяниб ёзишича, станция Хитойнинг жануби-ғарбидаги Сичуан провинцияси, Гарзе-Тибет автоном округининг Яцзян уездида жойлашган. Унинг ўрнатилган қуввати 3 000 мегаваттни ташкил этади.

Лянхэкоу ГЭС Хитойнинг 2016–2020 йилларга мўлжалланган 13-беш йиллик режасидаги асосий лойиҳалар қаторига киритилган. Станция Ялун дарёсидаги ГЭС каскадида сув оқимини тартибга солишда муҳим ўрин тутади.

303 метрлик тўғон

ГЭС қурилиши 2014 йилда бошланган, 2024 йилда эса қурилиш якунлари бўйича қабулдан ўтказилган.

Шағал-грунт ўзакли тош тўкма тўғоннинг баландлиги 303 метрга етади. У Гиннесс рекордлар китоби томонидан дунёдаги энг баланд тош тўкма тўғон сифатида тасдиқланган.

Станция денгиз сатҳидан ўртача 3 000 метр баландликда, грунт мавсумий музлайдиган ҳудудда қурилган. Мураккаб табиий шароит сабабли қурувчилар йил давомида атиги 200 кун атрофида самарали иш олиб бориш имконига эга бўлган.

Тик ёнбағирлар, тоғ жинслари массивидаги юқори табиий кучланиш шароитида ерости машина залини барпо этиш, шунингдек, совуқ ва баланд тоғ шароитида ўта баланд тўғон қуриш қўшимча қийинчиликлар туғдирган.

Лойиҳада 11 та жаҳон рекорди ўрнатилган

Қурилиш давомида ўта баланд тош тўкма тўғонни интеллектуал технологиялар ёрдамида барпо этиш, қишда ишларни давом эттириш ҳамда катта босим ва юқори тезликдаги сув оқимига мўлжалланган сув ташлаш иншоотларини лойиҳалаш билан боғлиқ техник вазифалар ҳал қилинган.

Манбада келтирилишича, лойиҳа доирасида жами 11 та жаҳон рекорди ўрнатилган. Қурилишнинг барча босқичларида интеллектуал технологиялардан кенг фойдаланилган.

Лянхэкоу ГЭС йилига қарийб 11 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.