Йилнинг совуқ фасли кириб келиши билан юртимизда хонадон ва ижтимоий объектларни иситиш энг долзарб муаммога айланади. Куз охири ва қишнинг уч ойи чекка ҳудудлар аҳолиси учун қийинчилик билан ўтиши очиқ ҳақиқат.
Вилоят аҳолиси йил давомида топган даромадининг деярли 80 фоизини қишга тайёрланиш учун, хонадонни иситиш, ўзи ва оиласига иссиқ кийимлар олишга сарфлайди. Шунинг учун баҳорнинг илк кунларида «Мана қишдан эсон-омон чиқиб олдик», «Ҳозир пул сўрама, энди қишдан чиқдик», «Худога шукр, қиш қаттиқ келмади» каби ибораларни кўп эшитамиз.
Оддийгина қилиб айтганда, қиш биз учун – газ, электр, кўмир сингари муаммоларга бой фасл.
Мана, январь ойи ҳам тугаяпти. Коммунал соҳа вакиллари бу йилги қишдан фақат шукур қилишлари керак! Қор кўп ёғмади. Аёз бўлмади. Магистралдаги газ босимини тушириб, электр трансформаторларини ишдан чиқарадиган совуқларни кўрмадик. Йўқса, газ, электр мавзуси яна биринчи рақамли муаммога айланган, ўша газчи ва электрчилар доимгидай елка қисиб турган бўларди.
Хушхабарнинг зўри Янги йил арафасида бўлганди.
31 декабрь куни «Ўзтрансгаз» АЖ раиси Баҳодир Эшмуратов томонидан «Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятининг минглаб аҳолиси 2019 йилни иссиқ хонадонларда кутиб олиши» ҳақида айтди.
Хабарларда қўшни Қозоғистон Республикасининг «КазТрансГаз» компанияси билан музокаралар ўтказилиб, унинг натижаси ўлароқ, Фарғона водийси истеъмолчиларини бир маромда ва барқарор табиий газ билан таъминлаш бўйича муҳим келишув имзолангани ҳақида айтилганди.
«Янги 2019 йил Фарғона водийси истеъмолчилари учун қутлуғ келадиган бўлди. Қозоғистон Республикасининг «КазТрансГаз» компанияси билан эришилган келишувга асосан Газли-Чимкент-Тошкент-Пунгон йўналиши бўйича табиий газ тўғридан тўғри Газли газни ер остида сақлаш иншоотидан Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилади. Бу водийдаги кўп сонли аҳолимиз, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини бир маромда ва юқори босимда табиий газ билан таъминлаш имконини яратди», – деганди «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раиси.
Бир даста аризасига бир дунё ваъда олган маҳалла
Ўша кунлардаги энг ғавғоли муаммо бўлган - автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида босим кўтарилиб, навбатлар йўқолгани ҳақиқат. Бироқ водий вилоятлари аҳолиси ўз хонадонларида табиий газ таъминоти яхшиланганини деярли сезишмади.





























