Рэп-ижрочиси Децл вафот этди
Мухлислар орасида Децл тахаллуси билан танилган россиялик рэп-ижрочиси Кирилл Толмацкий 35 ёшида юраги тўхташидан вафот этди. Бу ҳақда қўшиқчининг ВКонтакте ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилинган.
«Дўстлар, афсуски бу тунда қўрқинчли воқеа содир бўлди: Кирилл энди орамизда йўқ», дейилган хабарда.
Қўшиқчининг вафотини унинг отаси ва продюсери Александр Толмацкий ҳам тасдиқлаган.
Кирилл Толмацкий 1983 йилнинг 22 июлида Москвада туғилган. Унинг дебют альбоми «Кто? ты» номи билан 2000 йилда чиққан ва Россияда энг кўп сотилган альбомлардан бирига айланганди (бир миллиондан ортиқ нусхада). Артист кейинроқ яна 9та студия альбоми чиқарди, у фаолияти давомида Муз-ТВ, «MTV Music Awards», «Золотой граммофон» ва бошқа мукофотларни қўлга киритган.
Кейинги йилларда у Le Truk тахаллуси билан ҳам ижод қилиб келаётганди.