Бугунга келиб Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши учун салоҳиятли майдош танлашга доир муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи ўз якунига етмоқда. Kun.uz мухбири 4 февраль куни Халқаро атом энергетикаси агентлиги (ХАЭА), “Росатом” корпорацияси ва “Ўзатом” агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган семинарда тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудида атом АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдонларни аниқлашга доир муҳандислик тадқиқотлари олиб борилмоқда.

Айни дамда икки ҳудуд рақобатбардош ҳудуд сифатида кўрилмоқда:
- Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги Тузкон кўли атрофидаги ҳудудлар (уч ҳудуд);
- Бухоро ва Навоий вилоятлари кесишмасида жойлашган Тўдакўл сув ҳавзаси атрофидаги ҳудудлар (икки ҳудуд).
Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги Тузкон кўли атрофининг ўзида уч рақобатбардош ҳудуд тадқиқ қилинмоқда. Улардан иккитаси қирғоқ зонасидан тахминан 4-5 км масофада, учинчиси эса 15 км масофада жойлашган.
“ХАЭА нормалари ва тавсиялари ҳамда ядровий технологияларни тақдим этувчи мамлакатнинг норматив базасига мувофиқ, АЭС қурилиши учун асосий тақиқловчи омиллар - катта ёриқлар мавжудлиги, юқори сейсмик фаоллик (яъни 9 баллдан ошиши мумкин бўлган хавф ҳудуди), атроф-муҳит билан боғлиқ омиллар ҳамда АЭС қурилиш жараёнини мураккаблаштиришга олиб келувчи ўндан ортиқ омил. Бу омилларга кўра, барча рақобатбардош майдонлар АЭС қурилиши имкони сифатида кўриб чиқилмоқда”, - дейди “Ўзатом” агентлиги раҳбари ўринбосари Баҳром Мансуров.

2019 йилнинг биринчи чораги охирида муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи тугалланади. Кейинги босқич яна бир йил давом этади.
“АЭС қурилиши учун майдон танлаш узоқ давом этувчи кўп босқичли ишдир. Тадқиқотлар қуйидагича ажратилди: муҳандислик-геофизик, муҳандислик-геологик, муҳандислик-гидрометеорологик ва муҳандислик-экологик тадқиқотлари. Шунингдек АЭС жойлашуви учун техноген шароитлар бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда”, - дейди Мансуров.
Семинарда маълум қилинишича, Тўдакўл атрофида олиб борилган муҳандислик тадқиқотлари давомида қатор муаммолар аниқланган.















