Жаҳон | 09:04 / 07.02.2019
3799
1 дақиқада ўқилади

Япониянинг SoftBank холдинги Nvidia акцияларини 3,3 млрд доллар фойда билан сотди

Фото: The Wall Street Journal

Япониянинг SoftBank холдингига қарашли Vision Fund жамғармаси АҚШнинг Nvidia компаниясининг ўзига тегишли 4,9 фоиз акциясини сотиб юборди.

Vision Fund АҚШ компаниясига инвестиция киритишини 2017 йил майида эълон қилган. Bloomberg ахборот агентлиги манбалари ўшанда жамғарма 4,9 фоиз акцияни 4 млрд долларга сотиб олганини маълум қилган. 

Vision Fund акцияни ўртача 218 доллардан сотишга муваффақ бўлган, ваҳоланки уни 105 доллардан сотиб олган. Шу тариқа япон холдингининг Nvidia’га инвестицияларидан олган даромади 3,3 млрд долларни ташкил қилган.

Охирги ойлар Nvidia акциялари нархи арзонлашмоқда. Компаниянинг акциялари ҳозирда 2018 йил октябрдаги максимал қийматга нисбатан деярли 2 баробарга арзонлашиб, 5 февралда 149,95 доллар турган.

Январь охирида Nvidia компьютер ишлаб чиқарувчилари томонидан график процессорларга талаб пастлиги ҳамда АҚШ ва Хитой ўртасидаги таранг муносабатлар сабабли чораклик даромадлари бўйича ўз прогнозларини пасайтирган. 

Мавзуга оид