Ўзбекистон | 17:53 / 13.02.2019
6594
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда биринчи марта Бахшичилик санъати халқаро фестивали бўлиб ўтади

4-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида Бахшичилик санъати халқаро фестивали ўтказилади, дея хабар беради uzbekistan.travel.

Илк марта Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жамоатчиликни ўзбек бахшичилигининг бетакрор намуналари билан таништириш, ёшлар орасида миллий фольклорга бўлган қизиқишни ошириш, қардош халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ижодий алоқалар ва маданий ҳамкорлик доирасини халқаро кўламда кенгайтириш мақсадида Термизда Бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтади. 

Тадбирда вазирлик ва идоралар, дипломатик корпуслар, хорижий ва маҳаллий ОАВ, маданият ва санъат йўналиши мутахассислари, хорижий санъаткорлар, халқ ровий-бахшилари ва шунчаки Шарқ маданияти ихлосмандлари иштирок этишади. 

Фестивалдан нималарни кутиш мумкин? Биринчи кун байрам сайллари, Сурхондарё Санъат саройи майдонидаги бадиий ва ижодий жамоаларнинг концерт дастурлари билан бошланади. Санъат саройига тегишли ҳудудда ҳамда “Болажон” хиёбонида бахшичилик санъатига бағишланган кўплаб кўргазмалар, миллий мусиқий чолғу асбоблар ва либослар, ҳунармандлар меҳнат маҳсули, тасвирий ва амалий санъат асарлари ярмаркаси  ўтказилади.

5 апрель куни оқшомда Санъат саройи майдонида Бахшичилик санъати халқаро фестивалининг тантанали очилиш маросими ва фестиваль иштирокчилари ҳамда меҳмонлари учун махсус концерт дастурини ўтказиш режалаштирилган. 

Учинчи кун, 6 апрелда Термиз шаҳридаги “Бахши” мактабида “Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясидаги роли” мавзусидаги илмий-назарий анжумани очилиши бўлиб ўтади, мажлислар тўрт кун – 9 апрелгача ўтказилади.  

Фестиваль кунлари давомида Сурхондарё Санъат саройи ва “Болажон” хиёбонида ижодий ансамбллар, хорижий ва маҳаллий санъаткорларнинг чиқишлари кутилмоқда. Кечки дастурларни соат 17:00дан 24:00 гача кузатиш мумкин.

10 апрель куни кечқурун Санъат саройи майдонида Фестивалнинг расмий ёпилиш маросими ва турли номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш