13 февраль куни Ўзбекистон молиявий тарихида ёрқин саналардан бирига айланди. Негаки Ўзбекистон мустақил тарихида биринчи марта 5 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни 4,75 фоиздан, 10 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни эса 5,375 фоиздан жойлаштирди. 

Молия вазирлиги хабар беришича, қарз облигацияларини ёпиш муддати тегишинча 2024 ва 2029 йилларнинг февраль ойи этиб белгиланди. Аммо ўша евробондлар нима ва у Ўзбекистонга нега керак эди? Масалани яхши англаш учун, дастлаб, иқтисодиётга ётқизилаётган инвеситицияларга назар ташлаймиз. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига кўра, 2017 йилда 60,7 трлн. сўм ёки 7 млрд. АҚШ доллари ҳажмда асосий капиталга инвестициялар киритилган бўлиб, жами инвестицияларнинг 16,3 трлн. сўм ёки 2 млрд. АҚШ долларига тенг қисми (27 фоиз) хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан амалга оширилди. 

Ётқизилган инвестициянинг 15 трлн. сўм (25 фоиз) қисми марказлашган молиялаштириш манбалари ҳисобидан бўлиб, шундан қарийб 35 фоизи Тикланиш ва Тараққиёт жамғармаси ҳамда 26 фоизи давлат кафолати асосида хорижий инвестициялар ва кредитларидир.

Хорижий инвестиция ва кредитлар асосан тоғ-кон саноатига (57 фоиз), ишлаб чиқаришга (13 фоиз) ҳамда ахборот ва алоқа соҳасига (10 фоиз) йўналтирилди. Эътиборлиси шундаки, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар стратегик ҳамкорлар тарафидан асосан табиий ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш саноатига киритилган.

Хорижий кредитларнинг асосий қисми халқаро молиявий ташкилотлар ва бошқа расмий ташкилотлар зиммасига тўғри келмоқда. Хусусан:

  • Осиё Тараққиёт Банки: 1995 йилдан ҳозирга қадар тузилган 67 та кредит битимлари асосида 6,8 млрд. АҚШ доллари;
  • Жаҳон Банки: 16 та лойиҳа бўйича 2,74 млрд. АҚШ доллари;
  • Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки: 60 та лойиҳа бўйича 853 млн. евро;
  • Дунёнинг етакчи эксперт кредит агентликлари тарафидан кафолатланган кредитлар.