Ўзбекистон | 12:36 / 16.02.2019
4719
2 дақиқада ўқилади

Статистика қўмитаси хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони ўсганини маълум қилди

Фото: iStock

2019 йил 1 февраль ҳолатига фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 7810тани ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2202тага ёки 39,3 фоизга ўсган.

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ушбу корхоналарнинг асосий қисми Россия Федерацияси, Туркия, Хитой, Қозоғистон ва Корея Республикаси ҳиссасига тўғри келади.

Хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг 4116таси қўшма, 3694таси эса хорижий корхоналар ҳисобига тўғри келади.

Ҳудудлар кесимида хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида 4865та (жамидаги улуши 62,3%), Тошкент вилоятида 863та (11%) ва Самарқанд вилоятида 408тани (5,2%) ташкил этган. Энг кам хорижий капитал иштирокидаги корхоналар Хоразм вилоятида 78та (1%), Қашқадарёда 90та (1,2%), Навоий вилоятида 120та (1,5%) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 124тани (1,6%) ташкил этган.

Фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми саноат ва савдо фаолият турига тўғри келади. Шунингдек, энг кам улуш соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда ахборот ва алоқа фаолият турларига тўғри келади. 

2019 йилнинг январь ойида хорижий капитал иштирокидаги янги ташкил этилган корхоналарнинг сони 281тани ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 176тага кўпайган.

Мавзуга оид