Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, етти ойда мамлакатга 9,7 миллиард долларлик машина ва транспорт асбоб-ускуналари импорт қилинган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўп.
Саноат товарлари импорти 4,4 миллиард долларни ташкил этиб, 10,1 фоизга ошган. Хизматлар ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар импортининг ҳар бири 3,6 миллиард долларга етган. Ушбу йўналишларда ўсиш мос равишда 13,3 ва 15,6 фоизни ташкил этган.
Келтирилган товар ва хизмат гуруҳлари орасида энг юқори ўсиш озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импортида кузатилган. Унинг ҳажми 41,9 фоизга кўпайиб, 3,3 миллиард долларга етган.
Минерал ёнилғи, мойлаш материаллари ва шунга ўхшаш материаллар импорти 2,5 миллиард долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 фоизга кўп.
Қолган йўналишларда импорт ҳажми ва ўсиш суръати қуйидагича бўлган:
— турли хил тайёр буюмлар — 1 миллиард доллар, ўсиш 14 фоиз;
— ёнилғидан ташқари ноозиқ-овқат хомашёси — 909,8 миллион доллар, ўсиш 14,1 фоиз;
— ҳайвон ва ўсимлик мойлари, ёғлар ва мумлар — 363 миллион доллар, ўсиш 25,3 фоиз;
— ичимликлар ва тамаки — 222,2 миллион доллар, ўсиш 15,3 фоиз.

















