Шу ой 9 февраль куни сайтимизда “Қувада тадбиркор мактаб стадионига бино қурса бўлаверади(ми?) Халқ таълими вазирлиги нега жим?” сарлавҳаси остида танқидий таҳлилий мақола эълон қилинган эди.  

Мазкур мақолада Фарғона вилояти Қува тумани Қорашоҳ маҳалласидаги 44-умумий таълим мактаби фойдаланувида бўлган спорт майдони ҳудудига шу ерлик тадбиркор маиший хизмат объектлари қуришни бошлагани ва бундан таълим муассаси ва маҳалла аҳли рози бўлмай KUN.UZ сайтига мурожаат қилгани боис ўрганиш натижаларини баён қилгандик.

Қўққисдан “Қосимов Сирожиддин чорваси” аъзолари мактаб стадиони олдида қурилиш бошлаганида маҳалла аҳли ҳайрон қолиб, турли жойларга мурожаат қила бошлайди. Тўғрисини айтиш керак, мактаб маъмурияти, МФЙ идораси, маҳалла аҳолиси томондан ёзилган бирор ариза ечим топмаган.

“Қосимов Сирожиддин чорваси”  раҳбари Иномжон Қосимов, стадион ҳудудига қурилиш қилиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларига эга эканлигини билдирган.  

Ўз ўрнида, мактаб маъмурияти ва маҳалла аҳли “тадбиркор”ни ноҳақ деб топиш учун асос бўла олувчи ҳужжатларни тақдим этди.

Юқоридаги муаммоли ҳолат бўйича ёзилган мақолада жуда кўплаб ҳужжатлардан нусхалар келтирган эдик.

Таҳлилий материал сайтда чиққанидан сўнг бу масалага Халқ таълими вазирлиги ўз муносабатини билдирди.

Мазкур ахборотда «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябридаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 10-бандига кўра умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланади.