Kun.uz саволларига иқтисодчи Юлий Юсупов жавоб берди
— Жорий йилнинг 25 февралидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 100 минг сўм бўлган банкнотдан иборат янги пул белгиларини муомалага чиқармоқда. Бу нима учун қилинмоқда?
— Агар эсласангиз, бор-йўғи бир неча йил муқаддам Ўзбекистонда энг катта банкнот минг сўмлик пул эди. 5 минг сўмлик пул пайдо бўлганида, улар етмай қолди. Эслаб кўринг-а, харид қилишда қандай қийинчиликлар мавжуд эди: бозорга пул тўлдирилган сумка кўтариб боришга тўғри келарди. Энди давлат ва банкларга ҳам тонналаб пулларни ишлаб чиқариш ва ташиш нечоғлик қийин бўлганини тасаввур қилинг. Бу тонналарни чоп этиш учун қанча қоғоз, бўёқ, яна транспорт харажатлари кетарди? Улкан ҳажмдаги банкнотларни санашнинг ўзига қанча электр энергияси сарф бўлади? Янги банкноталар пайдо бўлишидан аввалги йилларда банкларда ҳаттоки пулларнинг боғламини ечмасдан қабул қилиш одат тусига кирган эди: уларни санашга куч ҳам имконият ҳам етишмасди.
Йирикроқ номиналдаги купюралар (10.000, 50.000 ва энди 100.000 сўм)нинг чиқарилиши аҳолининг ҳам, тижорат банкларининг ҳам турмушини енгиллаштиради, нақд пулларни ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли тарзда қисқартиради.
Мен йирик битимларни ҳисоб-китоб қилишда ва омонат қилиб сақлаш учун янада йирикроқ номиналдаги купюралар чиқарилса ёмон бўлмасди, дейман. Агар бизнинг яқин қўшниларимиз билан солиштирилса, бизнинг энг йирик купюрамиз ҳам долларга чақилганда энг кичик қийматга эга эканлиги аён бўлади. Фарқ энг камида 4 баробарни ташкил этмоқда. Масалан, Россия ва Қирғизистонда энг йирик купюралар қиймати бўйича қарийб 75 АҚШ долларига тенг, Қозоғистон ва Тожикистонда — 53 АҚШ доллари, бизнинг бир юз минг сўмлик купюрамиз эса 12 доллардан ҳам пастроқ қийматга эга.
Купюраларнинг максимал номинали ва уларнинг АҚШ долларидаги қиймати

Марказий банк бозор талабларини инобатга олиб, кичик номиналдаги купюралар ва тангалар танқислиги юзага келмаслиги учун миллий валюта номиналлари тузилмасида пропорцияларга риоя қилиши бошқа гап.
— Йирикроқ номиналдаги купюраларнинг муомалага чиқарилиши инфляцияни кучайтиради, деган ҳадиклар ҳам йўқ эмас. Бу ҳадиклар нечоғлик ўринли?
— Бундай ҳадиклар ўн минг сўмлик ва эллик минг сўмлик пуллар муомалага чиқарилганида ҳам янграган эди. Бу ҳадиклар ҳеч бир объектив асосга эга бўлмаган ва бўлмайди ҳам.















