Ўзбекистон банк тизимида нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат банк тизимида нақд пул муомаласини ташкил этиш тартибини белгилашни назарда тутади.

Лойиҳага мувофиқ, Марказий банк Ўзбекистон ҳудудида нақд пул муомаласини ташкил этади. Шунингдек, у мамлакат ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгиларини муомалага чиқариш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга бўлади. Пул белгилари банкнот ва тангалар, жумладан қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар кўринишида чиқарилиши мумкин.

Пул номиналлари қандай белгиланади?

Лойиҳада пул белгиларининг номинал қийматларини белгилаш мезонлари ҳам кўрсатилган. Бунда республикадаги ўртача ойлик ва кунлик иш ҳақи, чакана бозорлардаги истеъмол ва маиший товарлар нархлари ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимининг ривожланиш даражаси инобатга олинади.

Зарур ҳолларда аҳолининг муайян номиналдаги пул белгиларига бўлган талаб ва эҳтиёжлари ҳам ўрганилади.

Шунингдек, нақд пулларнинг номинал қаторини самарали ташкил этиш мақсадида тангаларни 4–5 та, банкнотларни эса 6–7 та номинал қийматда чиқариш назарда тутилмоқда.

Банкнотлар дизайнида нималар акс этади?

Банкнот ва тангалар дизайни Марказий банк мулки ҳисобланади. Уларнинг дизайни Марказий банк томонидан «Давлат белгиси» МЧЖ билан биргаликда ишлаб чиқилади.

Алоҳида ҳолларда Марказий банк банкнот ва тангалар дизайни юзасидан аҳоли ўртасида сўров ҳам ўтказиши мумкин.

Пул белгилари дизайнида Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олиниши ва уларнинг мамлакатга тегишли экани яққол намоён бўлиши керак.

Ҳар бир номиналдаги банкнот учун алоҳида ранг устуворлиги белгиланади. Банкнот ва тангаларда номиналнинг рақамли кўриниши, қийматни аниқлашга қулай ўлчам ва ранг, Марказий банк номи, дизайн ва намуна тасдиқланган йил, давлат рамзларидан бири ҳамда қалбакилаштиришга қарши ҳимоя элементлари бўлиши шарт.

Банкнотларда бундан ташқари номинал қийматнинг ёзувли кўриниши, серия ва рақамлар, барча турдаги тўловлар учун ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шартлиги ҳақидаги жумла ҳамда қалбакилаштириш учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирувчи ёзувлар бўлади.