ЕМБ 23 июл куни ўз сайтида ҳар бир номинал учун 10 тадан дизайн вариантини жамоатчиликка тақдим қилди. Улар икки асосий мавзу — «Европа маданияти» ҳамда «Қушлар ва дарёлар» концепциялари асосида ишлаб чиқилган.

Фуқаролар 21 сентябрга қадар онлайн сўровда қатнашиб, таклиф этилган дизайнлар ҳақида ўз фикрини билдириши мумкин.

Жами 10 та банкнотлар тўплами 10 нафар турли рассом томонидан ишлаб чиқилган. Ҳар бир тўплам олтита номиналдаги банкнотдан иборат. Дизайнлар услуб жиҳатидан фарқ қилса-да, уларда тасвирланган шахслар ва қушлар бир хил.

Бетховен, да Винчи ва Мария Кюри банкнотларда пайдо бўлиши мумкин

«Европа маданияти» мавзусидаги дизайнларда қитъа маданияти, илм-фани ва тарихида муҳим ўрин тутган машҳур шахсларнинг портретлари жойлаштирилган.

Таклифга кўра, 5 евролик банкнотда — келиб чиқиши юнон бўлган машҳур опера хонандаси Мария Каллас, 10 евроликда — немис бастакори Людвиг ван Бетховен тасвирланиши мумкин.

20 евролик банкнот учун поляк-француз олими Мария Склодовская-Кюри, 50 евро учун испан ёзувчиси Мигел де Сервантес портрети таклиф қилинган.

100 евролик банкнотда италиялик рассом ва олим Леонардо да Винчи, 200 евролик банкнотда эса австриялик ёзувчи ва тинчлик ҳаракати фаоли Берта фон Зутнер тасвирланган.

Иккинчи вариантда қушлар тасвирланади

«Қушлар ва дарёлар» деб номланган иккинчи концепция Европа табиати ва экотизимларига бағишланган.

Бу серияда 5 евролик банкнотда тоғларда яшайдиган деворпармаси, 10 евроликда эса асосан сув ҳавзалари яқинида яшайдиган кўкторғоқ тасвирланган.

20 евролик банкнотда тилларанг қурқуроқ, 50 евроликда лайлак, 100 евроликда қиличтумшуқ ва 200 евролик банкнотда йирик денгиз қуши — шимол олушаси тасвирланиши таклиф қилинган.

Ҳар икки серия банкнотларининг орқа томонида Европадаги машҳур бинолар ва муайян шахсни ифодаламайдиган одамлар тасвирлари жойлаштирилган.

Янги дизайн 2026 йил охиригача танланади