Ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳеч бўлмаса бир футболчимиз Англия Премьер-Лигасида ўйнасайди деб орзу қилишади. Лекин ўзбекистонлик футболчилардан бири Англияда ўйнаган десак хато бўлмайди. Ўзбек футболига бефарқ бўлмаганлар Питер Одемвингиени ўзимизнинг футболчи деб билишади. Питер Тошкент шаҳрида нигериялик шифокорлар оиласида туғилган.

Тошкент ўзи учун қадрли эканини кўп бора таъкидлаган Питерни Россияда ҳам яхши кўришади. Кейинчалик Нигерия терма жамоаси ва Англия Премьер-Лигаси юлдузига айланган Одемвинге Тошкентда русча гаплашиб улғайгани сабаб Россия чемпионатига тез мослашиб кетади. Унинг онаси ҳамон Москвада яшайди.

Питер яқинда Тошкентга келгани ёдингизда. Унинг «Бунёдкор» сафида пайдо бўлиши мумкинлиги хақида хабарлар ҳам пайдо бўлди. Питернинг Тошкентдан кейинги манзили Москва бўлди. Бу имкониятдан фойдаланган Championat.com сайти Одемвингиедан интервью олди.

Интервью давомида нигериялик футболчи «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе билан ёш футболчилар ҳақида гаплашганини ҳикоя қилди. Рус тилини яхши биладиган Питер кўплаб мавзуларда мулоҳазаларини билдирган. Қуйида суҳбатнинг қизиқарли қисмларини келтирамиз.

– Бу ерларни унча яхши билмайман. Миша Моссаковский (Матч ТВ шарҳловчиси) ёрдамида топиб келдим. Менинг Москвадаги гид-дўстим айнан Миша (кулади).

– Студиямизга киришда футболчиларнинг расми орасида «Локо»даги жамоадошларингизни кўриб хурсанд бўлгандирсиз?

– Кўрдингизми, улар мени кўргач хурсанд бўлишди (кулади). Сичёв (Дмитрий Сичёв), Динияр (Билялетдинов), Самедов (Александр Самедов). Ажойиб хотиралар ёдга тушди.

– «Локомотив»нинг қайси мураббийи билан ишлаш сизга маъқул келган?

– Барча мураббийлар билан яхши чиқишганман, чунки доим майдонга тушганман. Бир марта Юрий Палич (Юрий Павлович Сёмин) кимнингдир гапига қулоқ солиб мени захирада қолдирган ва бу орқали мендаги «оловни аланга олдирмоқчи бўлган». Ўша вақтлар бир нечта ўйинда гол ура олмаётгандим.

– Сёминнинг энг эсда қоларли кўрсатмаси?

– Ғалаба қозонишимиз шарт бўлса, у бир гапни айтарди: «Агар майдонда ўтни ейиш керак бўлса, енглар».

– Бир вақтлар ўзингизни «Локомотив»нинг энг яхши футболчиси деб айтгандингиз, ҳозир ҳам шундай ўйлайсизми?