Ижтимоий тармоқларда Хитойдан кириб келаётгани тахмин қилинаётган сунъий тухум билан боғлиқ лавҳалар жуда тез тарқаляпти. Чиндан ҳам бундай тухум борми, табиийсидан қандай фарқланади? Бу маҳсулотни ким ишлаб чиқармоқда?
Сунъий тухум билан боғлиқ илк хабарлар бундан 10 йиллар аввал тарқала бошлаган. Ҳали интернет у қадар оммалашмаган ўша пайтларда газеталарда Хитойда сунъий тухум ишлаб чиқарилувчи кичик фабрикалар пайдо бўлгани ва ўз маҳсулотларини сотишга киришгани тўғрисида маълумотлар чоп этилганди. Бу маълумотлар дастлаб Россия нашрларида пайдо бўлган бўлиб, у пайтларда ҳали бундай маҳсулотларнинг Ўзбекистонга кириб келгани тўғрисида бирор гап йўқ эди.
Марказий телеканалларда, етакчи газеталарда айнан шу мавзуда сўз юритилган, сунъий тухум кўрсатилмагани ҳолда бундай маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин ёки мумкин эмаслиги муҳокама қилинганди. Соҳанинг қатор экспертлари, паррандачилар, олимлардан иборат иштирокчилар охир-оқибат якдил хулосага келишди: сунъий тухум яратиш, маҳсулот сифатида ишлаб чиқариш мумкин эмас!
Улар ўз фикрларини қуйидаги асосий далиллар билан мустаҳкамлашди:
1. Тухум оддийгина маҳсулот бўлгани билан жиддий тузилмага эга. Айниқса унинг ядросида тирик жон ривожланиши кўп босқичли ва жуда мураккаб жараёндир;
2. Табиий тухумнинг баҳоси шу даражада арзонки, уни сунъийлаштириш ҳеч бир жиҳатдан ўзини оқламайди (экспертлардан бири истеҳзо тариқасида шундай деганди: «борди-ю кимдир эринмай бирорта сунъий тухум яратган тақдирда ҳам у тухумнинг баҳоси «Фаберже» тухуминикидан қиммат бўлади);
3. Тухумнинг мазасини босувчи маҳсулот яратишга уриниш бефойда.
Шу билан бу мавзу унутилгандек бўлди – сунъий тухум масаласи тинчиб кетди. Бу орада тараққиёт ўз жойида турмади, айниқса инсониятнинг доимий эҳтиёжи бўлган талабгир маҳсулотларни сунъийлаштириш бўйича ҳам анча қадамлар ташланди. Бу борада яққол етакчиликни Хитой эгаллаб олди. Гарчи бу давлат бундай тажрибалар ўтказувчи, ишлаб чиқарувчиларни очиқдан-очиқ ҳимоя қилмаса-да, фаолиятига ҳам жиддий тўсқинлик яратмасди. Бу ҳам экспорт, иш ўринлари, даромад дегандай...
Интернет ҳам ривожланиб кетди. Дунёнинг қайсидир бурчагидаги қизиқ бир жараён зум ўтмай бошқа давлатларни ҳам айланиб чиқа бошлади. Айнан интернет ёрдамида уддабурон хитойликлар (кейинчалик Вьетнам, Камбоджа каби давлатлар вакиллари ҳам) аввалига сунъий гуруч, кейин сунъий сабзавотлар ишлаб чиқараётганига гувоҳ бўлдик. Сабзавотлари етиб келмаган бўлса-да, сунъий гуруч ҳатто Ўзбекистонга ҳам кириб келди.














