Клубларимизнинг халқаро майдондаги иштироки билан ўзбек футболида янги мавсум бошланди. Янги мавсумдаги режалар ва футболимизда кўп муҳокама қилинаётган мавзулар борасидаги саволларимизга жавоб олиш учун Профессионал Футбол Лигаси директори Омон Ғофуров ҳамда, ПФЛ директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаевни студиямизга таклиф қилдик. Суҳбат давомида ПФЛ расмийлари барча саволларимизга атрофлича жавоб беришди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Бир қадам орқага, икки қадам олдинга»

Аввало меҳмонларимиздан нима учун Суперлига ўйинлари бир ҳафта кечикиб бошланиши ҳақида сўрадик. Бунга эса ПФЛ расмийлари жамоаларнинг мавсумга расман тайёр бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатишди: «Биз чемпионат ўйинларини 1 мартда бошлашга тайёр эдик. Лекин жамоалар ўзларини ҳозиргидек тутишда давом этишса, чемпионат стартини апрелгача суришга ҳам тайёрмиз. Майли, бизни танқид қилишсин, ПФЛ тошбақа дейишсин, лекин биз ўзимизни алдамоқчи эмасмиз.

ПФЛда мавсумни вақтида бошлаш учун ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз регламентни тайёрлаб қўйганмиз. Суғурта, ҳомийлик борасида ҳам ишларимиз жойида. Ҳатто ТВ трансляциясига керак бўладиган галереялар тайёрлаш учун студиялар қилиб қўйганмиз. Лекин ҳали жамоаларнинг баъзиларида форма тайёр эмас, баъзиларида формаларининг рақамлари йўқ. Улар 1 мартгача форма масаласини ҳал қилишларига ишонамиз, лекин бошқа масалалар ҳам очиқ қолган.

Бир қатор жамоалар мавсумга чет элда тайёрланишмоқда. Футболчилар билан бирга клуб бош директорлари, спорт директорлари ҳам кетишган. Ваҳолангки уларнинг бу ерда қиладиган ишлари кўп. Стадион масаласи, академия масаласи бор. Клублар бундан олдин 20 йиллаб текширувсиз мавсумни бошлайверишган. Улар 2019 йилда ҳам шундай бўлади деб ўйлашганди, лекин бундай бўлмайди. Биз олдинги йиллардаги хатоларни такрорлашни хоҳламаймиз. Чемпионатни керак бўлса май ойида бошлаймиз. Муҳими, ҳозир бир қадам орқага ташласак ҳам, кейин икки қадам олдинга силжиш. Клубларимиз тартибли ишлаш кераклигини тушуниб етиши керак».

«Кўтарма пуллар учун 200, 300 миллион топишади, лекин...»