11 ноябр куни Туркияга амалий ташриф доирасида президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг янги тайинланган бош котиби Мирвоҳид Азимовни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда янги бош котиб олдида турган устувор вазифалар, Ўзбекистоннинг ташкилот билан кўп қиррали ҳамкорлиги ва уни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Мирвоҳид Азимов жорий йилнинг 30 октябрида Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида бош котиб этиб тайинланган эди.

У мазкур лавозимни эгаллаган биринчи Ўзбекистон вакили ҳисобланади. Бунга қадар Азимов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Музокараларда 2027 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, нуфузли тадбирни юқори ташкилий савияда ўтказиш ва унинг кун тартибини мазмунан бойитиш билан боғлиқ вазифалар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Мирвоҳид Азимовни янги лавозим билан табриклаб, унинг Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби сифатидаги фаолиятига муваффақият тилади.