Ўзбекистон | 15:00 / 26.02.2019
8557
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритилди 

Фото: ISNA

Марказий банк бошқарувининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритилди.

Қайд этилишича, ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сон “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартиришлар:

2-бандда:

биринчи хатбошидаги “банк ҳисобварақларини” деган сўзлар “ҳисобварақларни” деган сўз билан алмаштирилди;

“г” кичик банди ўз кучини йўқотган деб топилди;

саккизинчи хатбоши чиқариб ташланди.

3-банддан “ссуда” деган сўз чиқариб ташланди.

8-банднинг иккинчи хатбошисидаги “резидент жисмоний шахслардан иборат бўлган юридик шахсни” деган сўзлар “Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни” деган сўзлар билан алмаштирилди.

8-1-банддаги “легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга” деган сўзлар “легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга” деган сўзлар билан алмаштирилди.

8-2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“8-2. Банклар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларга ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида миллий ва чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларини масофадан туриб очиши мумкин.

Банк ҳисобварағини очиш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида жойлаштирилган банк ҳисобварағи шартнома офертасини акцептлаш йўли билан амалга оширилади.

Мазкур юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўловлар ушбу Йўриқноманинг 3-иловасига мувофиқ шаклда имзолар намуналари қўйилган икки дона варақча ҳамда улар номидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат) тақдим этилгандан сўнг, амалга оширилиши мумкин. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатдан нусха олиниб, асли қайтариб берилади.”.

10-банднинг иккинчи хатбошисидан “иккиламчи ҳисобварақлар очилганлиги тўғрисидаги асосий ҳисобварағини очган банкка юборган хабарнинг нусхаси,” деган сўзлар чиқариб ташланди.

11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“11. Банкларда мазкур Йўриқноманинг 1-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ, мижозларнинг ҳисобварақларини рўйхатга олиш китоби юритилади. Ушбу китоб электрон шаклда юритилади.”.

18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“18. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан асосий ҳисобвараққа хизмат кўрсатувчи банкда иккиламчи, жамғарма ва муддатли депозит ҳисобварақларини очиш учун ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза тақдим қилинади. Мазкур ариза электрон шаклда хам тақдим этилиши мумкин.”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид