Жамият | 13:14 / 28.02.2019
36454
2 дақиқада ўқилади

Қалбаки пул ўтказишга уринганлар ушланди. Пул Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилган

Фото: KUN.UZ

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман судининг 2019 йил 30 январдаги ҳукми билан Ш.Н., Ч.Б. ва Д.У. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 176-моддаси 2-қисми “в” банди билан, яъни қалбаки пул ўтказганлиги учун айбдор деб топилди.

ЎзА’нинг ёзишича, сурхондарёлик уч нафар шахс – Ш.Н., Ч.Б. ва Д.У. ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, ўтказиш мақсадида ясалган 50 минг сўмлик купюрадаги қалбаки пулларни Сурхондарё вилояти ҳудудидаги бозорлар, савдо объектлари ва бошқа жойларда ўтказиш мақсадини кўзлайди. Улар 2018 йил 13 сентябрь куни, соат тахминан 10:30ларда Қизириқ тумани “Обод юрт” маҳалласида жойлашган мол бозорида Д.П.дан бир бош сигирни 5 миллион сўм миқдоридаги қалбаки пул эвазига сотиб оладилар. Д.П.да шубҳа уйғотганлиги сабабли, бу ҳақида ИИБга ходимларига мурожаат қилган ва қонунбузарлар қўлга олинган.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, ушбу пул маблағлари Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилган (бу ҳолат юзасидан алоҳида жиноят иши мавжуд).

Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳукм чиқарди. 

Жиноят иши бўйича ашёвий далил сифатида эътироф этилган 184 дона 50 минг сўмлик қалбаки купюралар йўқ қилиниши белгиланди.

Мавзуга оид