Kun.uz мухбири «O‘zimizning mahalla» лойиҳаси доирасида пойтахтдаги Камолон маҳалласига борди.
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидан ўтувчи марказий Самарқанд Дарвоза кўчасидан Каттабоғ кўчасига ўтсангиз, гўё у орқали яна тарих бағрига қадам қўйгандек бўласиз. Илк бор бу маҳаллага кираётган сайёҳ ёки йўловчи бу маҳаллада Хўжа Аламбардор мақбараси борлиги, ўзбек романчилиги мактаби асосчиси, буюк ёзувчи Абдулла Қодирий, уста Ширин Муродов, уста Тошпўлат Арслонқулов, шоир Ҳабибий, Аҳмад полвон, Ўзбекистон халқ артистлари Саттор Ярашев, Комилжон Жабборов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ортиқхўжа Имомхўжаев ва бошқа таниқли инсонлар туғилиб-ўсганини ён дафтарчасига қайд этиб олиши зарур.

Камолон маҳалласи Бешёғоч даҳасидаги қадимий маҳалла ҳисобланади. Тарихда Камолон маҳалласи Дархон, Эшонгузар, Янгимаҳалла, Самарқанд дарвоза, Гулистон маҳаллалари билан чегарадош бўлиб, Хўжакўча ва Фуқаро кўчаларига бўлинган. Маҳаллада Хўжа Аламбардор мақбараси ва қабристони бор. Қарийб 200 хонадон яшаган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, шаҳар ташқарисидаги ерларида (Новза, Қозиробод, Дўмбиробод, Қонқус мавзелари) деҳқончилик билан шуғулланган. Тошкентнинг ўн икки дарвозаларидан бири – Камолон дарвоза ҳам шу маҳаллада жойлашган.
«Камолон» номи ҳақида турли фикрларни илгари суришади. «Камолон» сўзининг луғавий маъноси – комил инсонлар яшайдиган ер.

Муҳаммад Солиҳхўжа «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида маҳалладаги дарвозани Камондарон деб атайди (ХIV аср охири) ва камондаронлар (туркман ўғуз-учуқ қабилалар уюшмаси) қабиласининг бир тоифаcига мансуб дейди.
«Камолон» атамаси ҳақида 3 фикрга кўра, бу сўз «Камондарон», яъни камончилар маҳалласи маъносини беради. Маълумки, қадимда Чоч ўзининг камони, камончи усталари билан дунёга машҳур бўлган. «Ҳудуд ул-олам»да (Х аср) «Чоч – бу катта вилоят, халқи жанговар ва сахийдир. У ерда камон ва ўқ-ёй ясалади», дея қайд этилган. Шошда ясалган камон ўша вақтларда бутун Шарқда «Камони Шоший» номи билан машҳур бўлиб, унинг узоққа отилиши ва нишонга аниқ тегиши Шарқ муаллифларининг асарларида таърифланган. Мана шу усталар яшайдиган маҳалла Камондарон деб аталган. Чоч камонлари хорижий давлатларга ҳам сотилган. Тарихий маълумотларга кўра, буюк соҳибқирон Амир Темур Тошкентда бўлганида «Камолон» маҳалласида ясалган камонларнинг пухталигига тан бериб, ўз қўшинларини у билан таъминлашга буйруқ берган.














































































