Сўнгги йилларда экин, шу жумладан қишлоқ хўжалигидаги суғориладиган ер майдонларини ҳисобдан чиқариш ҳолатлари ўсиши кузатилаётганини кўрсатди, деб ҳисобламоқда сенатор Турғун Искандаров. 

Олий Мажлис Сенатининг XVIII ялпи мажлиси кун тартибига қўйилган қонунга муносабат билдирган сенаторнинг айтишича, юқорида таъкидланган ўсишнинг асосий сабаблари ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ўзбошимчалик ва бепарволикка йўл қўйиб келаётганлигидир.

«Бундай қонун бузилиши ҳолатлари асосан ер майдонлари, шу жумладан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилишларга нисбатан эгалик ҳуқуқини бериш шаклида йўл қўйилмоқда. Ачинарлиси, бу каби қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан бирор-бир шахснинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмасдан қолаётганидир», ​– дейди сенатор.

​Таъкидланишича, фақат ер майдонларини сотиб, пора олганлиги ҳолати бўйича мансабдор шахсларнинг Жиноят кодекси 210-моддаси ва мансабдор бўлмаган шахсларнинг эса, Жиноят кодекси 168-моддаси билан жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилган.

Искандаровнинг айтишича, қонунчиликдаги ушбу бўшлиқдан аксарият ҳолатларда фермер хўжаликлари раҳбарлари фойдаланиб, фуқаролар билан тил бириктирган ҳолда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари кузатилмоқда. 

Прокуратура органлари томонидан 2018 йилда ўтказилган назорат тадбирларида 837 та ҳолатда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан 331,1 гектар ер майдонлари эгаллаб олинганлиги аниқланган бўлса-да, бунга йўл қўйган доимий ва ижара асосида ерлардан фойдаланувчи мансабдор шахсларга нисбатан жиноят қонунчилигида жавобгарлик белгиланмаганлиги сабабли уларнинг қилмишлари жазосиз қолган.

«Шу боис соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари асосида тайёрланган «Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 8 моддадан иборат қонун амалдаги Ўзбекистон Республикасининг 6 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар кирити​шни кўзда тутади», – дейди сенатор ўз нутқида.

​Амалдаги Жиноят кодекси 197-моддасида шу ҳолат ўз ифодасини топган бўлиб, бу модда «Ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш» деб номланади. Унга кўра, ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабаларини бузиш оғир оқибатларга сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.