Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг функционал вазифалари ва Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш, ФҲДЁ органлари билан ишлаш масалалари котибияти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг функционал вазифалари тўғрисидаги низомга кўра, бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг бош вазирига ҳисобот беради.

Бош вазир ўринбосарининг фаолияти хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида уларнинг роли ва фаоллигини ошириш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, хотин-қизларни ишга жойлаштириш ва уларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят содир этишга мойил бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш орқали хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликнинг барвақт профилактикаси, онлайн мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш, туғилиш ва никоҳни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, тарғибот ва маърифат чора-тадбирлари масалаларида давлат сиёсати самарали амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган.

Бош вазир ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради. Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.

Қуйидагилар бош вазир ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари. парламент ва депутат сўровлари, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши мониторингини олиб бориш, шунингдек, жойларда ишларнинг реал ҳолатини мунтазам ўрганиш, иқтисодиётдаги ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга кадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;