Олий ўқув юртларига 2018 йилда тест синовларини топширган абитуриентлар тўплаган баллар таҳлил қилинганда, тест синовларини топширган 600 мингдан ортиқ абитуриентнинг 55 фоизи асосий мутахассислик фани (физика, кимё, математика, биология, география) бўйича 50 балл ҳам тўплай олмаган, деб маълумот берди сенатор Зайниддин Низомхўжаев​.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раиси ​Зайниддин Низомхўжаевнинг айтишича, ўқувчиларнинг ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардан бири – дарсликларнинг талаб даражасида яратилмаганлиги аниқланган.

«Соҳада олиб борилаётган ижобий ишларга қарамасдан, дарсликларни давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари талаблари асосида ўқувчиларнинг ёши, ақлий, физиологик ва психологик ривожланиш даврига мувофиқ тайёрланишида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда», — дейди у.

Зайниддин Низомхўжаев​. Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

​Таъкидланишича, айни пайтда дарсликларни яратишга оид норматив-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш талаб этилмоқда.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 ноябрдаги 548-сонли қарори билан дарсликларни танлов асосида танлаб олиш тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, унда танлов комиссиясига келиб тушган дарсликларни кўриб чиқиш ва баҳолаш тўғрисидаги ахборотнинг сир сақланиши белгиланган. 

Бу эса, яратилаётган дарсликлар лойиҳаларини шаффоф баҳолаш, кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, ўқитувчиларнинг, ота-оналарнинг, тегишли эксперт ва бошқа мутахассисларнинг ҳаққоний, холис муносабатини билиш имконини бермайди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган низомларда муаллифлар таркибини танлашнинг аниқ регламенти ишлаб чиқилмаган, дарсликлар лойиҳалари юзасидан эксперт хулосасини бериш муддати эса қисқа.

Дарсликларнинг тендер савдолари орқали ғолиб бўлган турли нашриётларда нашр этилиши, ўқув материалининг узвийлиги, уйғунлиги ва изчиллигини, шунингдек фанлараро алоқанинг боғлиқлигини таъминламаяпти. Оқибатда, бу дарсликларда бир-бирини рад этадиган хулосалар, мавҳумликлар ва номувофиқликларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Зайниддин Низомхўжаев​. Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Ушбу ҳолатлар дарсликларнинг шошма-шошарлик билан тайёрланишига, оқибатда, уларнинг кўплаб хатоликлар ва номутаносибликлар билан нашр этилишига олиб келмоқда.