Болалар ўйнаб ҳам чарчаши мумкин, бироқ чарчоқ ҳар доим ҳам безиён бўлавермайди, баъзи ҳолатларда у хавфли касалликлардан дарак бераётган бўлиши мумкин! Юрак касалликлари шулар жумласига киради. Туғма юрак пороги энг кенг тарқалган касалликлардан ҳисобланади.

Дунё миқёсида оладиган бўлсак, ҳар йили 1 миллиондан зиёд бола шундай ташхис билан туғилади. Баъзиларда касаллик наслдан наслга ўтган бўлса, бошқаларда унинг юзага келишига атроф-муҳитнинг салбий таъсири сабаб бўлган.
ACIBADEM Университетининг Атакент шифохонаси болалар кардиологи, профессор Эндер Одемишнинг сўзларига кўра, ҳомиладорликнинг 18 ҳафтасидаёқ эхокардиография ёрдамида болада юрак касалликлари бор ёки йўқлигини аниқлаш мумкин. У бўлғуси оналарга мунтазам равишда текширувлардан ўтишни тавсия қилади.

Профессор Эндер Одемиш юрак пороги мавжудлигидан далолат берувчи беш муҳим белгини маълум қилиб, бундай вазиятларда қандай йўл тутишга оид бир неча маслаҳат берди.
Кўкрак қафасидаги оғриқ – энг кенг тарқалган ва муҳим белгилардан бири. У ҳар доим ҳам юрак билан боғлиқ муаммолардан дарак беравермайди, оғриқ скелет-мушаклар, нафас ёки ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
Кўкрак қафасидаги юрак касаллиги билан боғлиқ оғриқ одатда жисмоний машқлар вақтида пайдо бўлиб, нафас сиқиши, чарчоқ, цианоз, ритмнинг тезлашиши ёки бузилиши билан кузатилади. Баъзан жисмоний оғирлик кўпайганда оғриқ кучаяди. Агар оғриқ ҳаддан ташқари тор қон томирлари сабаб юзага келаётган бўлса, у ҳолда бу вақтда жисмоний оғирликнинг кучайиши жиддий асоратлар – ҳушдан кетиш ва ҳатто ўлимгача олиб келиши мумкин.

Кичик ёшда вазн тўплаш билан боғлиқ муаммолар – юракдаги етишмовчиликнинг муҳим белгиларидан бири. Соғлом бола ўз ҳаётининг биринчи ойида кунига 15 граммдан 30 граммгача вазн тўплайди, олтинчи ойга бориб боланинг туғилган вақтидаги вазни – икки бараварга, 1 ёшда эса уч бараварга ошиши керак. Бироқ туғма юрак пороги бўлган болалар организмнинг етарлича кислород ва тўйимли моддалар билан таъминланмаслиги сабаб яхши вазн тўплай олмайди. Бошқа белгилар билан қўшилганда эса боланинг аҳволи ёмонлашиши мумкин.

















