Ўзбекистонда яна Гулнора Каримова мавзуси барчанинг диққат-марказида бўлиб турибди. Республика Бош прокуратураси унга нисбатан қўлланилган жазо озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилгани тўғрисида ахборот берди.

Маҳкама хабарида айтилишича, Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган. У жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, Интернетдан фойдаланган, жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган.

Бир қарашда оддийдек туюлган мажбуриятлар бажарилмаган. Ўз навбатида, Г.Каримованинг ўғли Ислом сўнгги вақтларда онасига босим бўлаётгани ҳақида жар солганди. Бироқ, Каримованинг ўзи белгилаб қўйилган тартибни бузиб, мажбуриятларини бажармаса, яна қандай босим ҳақида гапириш мумкин?!

2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берди. У 2015 йилнинг августида, яъни биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва озодликдан маҳрум этилган.

Сир эмаски, сўнгги вақтларда Гулнора Каримованинг ўғли қатор баёнотлар билан чиқди. Ўз-ўзидан савол туғилади: нима учун унинг ўғли Лондонда истиқомат қилиб, Ўзбекистонда онаси билан бўлаётган ҳолатга баландпарвоз баёнотлар билан жавоб қайтармоқда? Ўзбекистонга келиб, ҳақиқий ҳолат билан танишиш вақти етгандир, балки. Ёки у шундай тарзда иш тутиб, нималарга халақит бермоқчи?!

Оддий фуқарода шундай тасаввур пайдо бўладики, Ислом ва Г.Каримованинг қизи Имон ўз вақтида рейдерлик ва талон-тарож йўли билан орттирилган ҳамда Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган, айни дамда чет эл банкларида сақланаётган пулларни Ўзбекистон бюджетига қайтарилишига қаттиқ тўсқинлик қилишаётгандек. Тинимсиз баландпарвоз баёнотлар билан чиқишлар қилиниши шундан дарак бермоқда.

Боз устига, Имон ва Исломнинг инсон ҳуқуқлари топталиб орттирилган бойликларини ҳимоя қилиш учун кун тартибига инсон ҳуқуқларини пеш қилиб, ўзларини ҳимоя қилишга уринишлари жуда ҳам кулгили. Айниқса, Лондонда истиқомат қилиб.

Шу нарса аниқки, Ўзбекистонда бугунги кунда Гулнора Каримова томонидан талон-торож этилган ва ўз ҳақларини қайтариб ололмаган юзлаб компания ҳамда минглаб кишилар бор. Улар сабр қилиб, адолат қарор топишига умид қилиб яшаяпти.

Гулнора Каримова ва унинг ўғли ҳамда қизи нима учун курашаётганини аниқ тушуниш учун, у томонидан талон-тарож қилинган, минглаб тадбиркорлардан рейдерлик йўли билан эгаллаб олинган бойликларнинг юздан бир қисмига қараш кифоя қилади.