«Барселона» Мадриднинг яна бир жамоасига қарши ўйин ўтказиб, дастлаб гол ўтказиб юборган бўлсада, якунда иродали ғалабага эришди.

Испания чемпионати. 27-тур
«Барселона» - «Райо Вальекано» - 3:1 (1:1)
Голлар: Рауль де Томас, 24 (0:1). Пике, 38 (1:1). Месси, 51 - пенальти (2:1). Суарес, 82 (3:1). 
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Юмтити, Жорди Альба, Видаль, Бускетс (Малком, 85), Артур (Дембеле, 46), Месси, Суарес, Коутинью (Ракитич, 80).
«Райо Вальекано»: Димитриевски, Адвинкула, Веласкес, Гальвес, Амат (Посо, 64), Алекс Морено, Альваро Гарсия (Эмбарба, 80), Комесанья, Имбула, Бебе, Рауль де Томас.
Огоҳлантиришлар: Веласкес, 68. Бускетс, 79. Имбула, 89.
Ҳакам: Мелеро Лопес (Испания).
9 март. Барселона. «Ноу Камп» стадиони.

Иштиёқ
Футболда мотивация - муҳим ўринга эга. Масалан, «Барселона» уч кун ичида икки бор «Реал»ни Мадридда мағлуб этиши, кейин эса ўз майдонида 40 дақиқа давомида Мадриднинг бошқа бир жамоаси, турнир жадвалида 19-ўринда бораётган аутсайдер «Райо Вальекано»га қарши ҳеч нарса қила олмаслиги мумкин. Эндиликда чемпионатда чемпионлик интригаси сўнмоқда, каталонияликлар иккинчи ўриндаги «Атлетико»ни 7 очкога ортда қолдирган, «Реал» янада узоқда - орадаги фарқ 12 очкони ташкил қилмоқда.

Андердоглар
«Райо Вальекано» «Камп Ноу»га қаторасига 5 ўйинда мағлубият қайд этган ҳолда ташриф буюрган ва бу сафар қандайдир муваффақиятдан умид қилаётганди. Андердоглар одатда грандларга қарши яхши ўйнашади. Биринчи давра ўйинида мадридликлар «Барса»ни 87-дақиқагача мағлуб этиб турган, аммо охирги дақиқаларда 2 гол ўтказиб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганди. Декабрда эса жамоа «Реал»га қарши ўйин ўтказиб, минимал ҳисобда ютқазди (0:1). Бир томондан жамоа грандларга муносиб қаршилик кўрсатади, бошқа томондан бу ўйинларда бирорта ҳам очко олмайди. Шанба куни «асаларилар» ниҳоят натижа учун майдонга тушишганди.

«Реал» тарбияланувчиси
Улар ўз мақсадларига дарҳол эришишди - биринчи бўлим ўрталарида майдон эгалари рақиб ҳимоясини ёриб ўтолмасдан, тўпни уёқдан буёққа олиб юрганларида «Райо» тўпни эгаллаб олди ва тезкор қарши ҳужум уюштириб, ҳисобни очди. Гол муаллифи «Реал» академияси тарбияланувчиси, «Райо»нинг жорий мавсумдаги асосий тўпурари Рауль де Томас бўлди. У тўпни қабул қилиб олиб, Пике ва Самедуга яқинлашиб келди ва узоқдан дарвозани нишонга олди. Тер Штеген бу сафар қутқара олмади.