Спорт | 15:47 / 19.03.2019
26051
2 дақиқада ўқилади

Британиянинг энг бой одами «Челси»ни сотиб олмоқчи, Абрамович қанча сўраётгани маълум

Фото: Getty Images

«Челси» клуби хўжайини ўзгариши мумкин. Бу ҳақда The Times хабар тарқатди.

Нашрга аён бўлишича, Буюк Британиянинг энг бадавлат одами Сэр Жим Рэтклифф «аристократлар»ни харид қилишга қизиқиб қолган. Кимё саноатининг 66 ёшли корчалони шу кунларда Манчестернинг «Team Sky» велошоссе жамоасини сотиб олиш ишларини якунлаш арафасида турибди. Шундан сўнг у футбол клубига ҳам эгалик қилиш истагини билдирмоқда.

Манбага кўра, «Челси»нинг ҳозирги соҳиби Роман Абрамович клуб учун 2,5 млрд фунт сўрамоқда. Таъкидланишича, сўралаётган сумма Рэтклифф учун муаммо эмас, аммо британиялик бизнесмен «Стэмфорд Бриж» стадионининг реконструкцияси анча қимматга тушишини ўйламоқда. Унинг россиялик ҳамкасби ўйингоҳ таъмирига пул ажратишни истамаганди.

Forbes`нинг сўнгги рейтингида Жим Рэтклифф жаҳон бўйича 110-ўринда, Абрамович эса 107-ўринда қайд этилган. The Times Рэтклиффнинг давлатини 21 млрд фунтга баҳолаган.

Мавзуга оид