Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкаларини чорвачилик фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига озуқабоп экинлар етиштириш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мажбуриятлари билан ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ажратиладиган лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун озуқабоп экинлар етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

озуқабоп экинлар етиштирувчиларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғилашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Бунда субсидия харажатлари 2019 йилда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари ҳисобидан қопланади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан озуқабоп экинлар етиштирувчиларга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга ажратиладиган кредитларнинг валюта туридан қатъий назар бир гектарга эквиваленти 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисми бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бироқ кредит ставкасининг 10 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда қопланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда иловага мувофиқ ажратиладиган ер участкаларида ер ости сув чиқариш учун суғориш тик қудуқлари бурғилаш жойларини аниқлаб, озуқабоп экинлар етиштирувчиларни хабардор қилади.