2019 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 14-сонли қарори қабул қилинди.
Янги тартибга асосан кўплаб фермер хўжаликларининг ери захирага қайтарилиб, комиссия томонидан танловга қўйилди ва талабгорларга ажратиб берилди. Аммо мақбуллаштириш жараёни ҳамма ерда силлиқ кечди, қарордаги талаблар оғишмасдан бажарилди деб айта оламизми?
Kun.uz таҳририятига ери захирага қайтарилганидан норози бўлган кўплаб фермер хўжаликлари раҳбарлари мурожаат қилган. Улар орасида Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани, Шихмашхад қишлоғи, «Ўзбекистон» маҳалласида ташкил қилинган «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Байжанов ҳам бор.

2019 йил январь ойида Қўшкўпир тумани ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси қароридан келиб чиқиб, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги ҳисобидаги ер майдонлари 100 гектардан кам бўлгани сабабли, уни захирага қайтариб олган. Фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Байжанов буни ноқонуний деб ҳисобламоқда.
«2019 йил январь ойида Қўшкўпир тумани ҳокимлиги балансимиздаги ерни захирага қайтариб олиш учун мендан ариза талаб қилди. Мен уларга фаолиятимда нафақат пахтачилик ва ғаллачилик, балки чорвачилик ҳам бор, ерни ўзимда қолдиринглар, мақбуллаштиришга зарурат йўқ деб айтдим. Аммо бу иш вақтинчалик эканини, тез орада ерлар ўзимга қайтишини айтиб, барибир ариза ёздириб олишди. Афсуски, бу гапларга алданиб қолдим. Кейинчалик, ерлар танловга қўйилиб, бошқа фермер хўжалигига бериб юборилди. Энди 50 бош қорамолни қандай ўтлатаман?», - дейди Муҳаммад Байжанов.
Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг 14-сон қарорида қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари уларнинг фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 20 гектар, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 10 гектар, сабзавотчилик ва полизчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 5 гектар деб белгиланган. Яъни, шу йўналишларда фаолият юритувчи фермер хўжаликларининг ер майдони бу меъёрлардан кам бўлса, мақбуллаштирилиши лозим.




















