Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг президентлик муддати тугамай туриб ўз ваколатларини топшириши нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё бўйича ҳам кутилмаган воқеа бўлди. Назарбоев собиқ иттифоқ давридан буён узлуксиз давлат раҳбари бўлиб келаётган МДҲ доирасидаги сўнгги президент эди.

Аммо дунё сиёсати тарихида ваколатидан муддатидан олдин воз кечган давлат раҳбарлари талайгина қайд этилган. Биз янги тарих доирасидаги бир нечтасини санаб ўтамиз.

Борис Ельцин. Россия. 1999 йил, 31 декабрь

Фото: Александр Чумичев и Александр Сенцов/ТАСС

Фаолиятининг сўнгги йилларида Ельцин латифалар ва карикатуралар қаҳрамонига айланиб қолган, ёши, соғлиги, ақлий салоҳияти жиҳатдан давлат бошқарувини эплай олмаётганди. Ўша пайтларда ўтказилган сўровномалар натижаси агар шу кунларда президент сайловлари ўтказилса, Ельцин 2-3 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаслигини кўрсатган. Президент чуқур иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган давлатда ҳеч бўлмаса қаҳатчилик бўлмаслиги учун қисқа муддатда бир неча нафар бош вазирни алмаштирди. Улардан охиргиси ким бўлганлигини яхши биласиз, албатта.

Борис Ельцин 1999 йилнинг 31 декабрида, ҳамма янги йилни кутаётган бир пайтда ваколатидан воз кечиш учун ўзида куч топа олди ва бу кейинчалик унинг ҳаётидаги энг тўғри қарор дея баҳоланди.

Россия 2000 йилни, янги эрани нафақат янги ислоҳотлар, балки куч-қувватга тўла янги раҳбар – Владимир Путин билан кутиб олди. Тез орада бўлиб ўтган сайловларда Путин ғалаба қозонди ва президент сўзидан кейинги “в.б.” қўшимчасидан қутулди.

Жейкоб Зума. ЖАР. 2018 йил 14 февраль

Фото: AP Photo/Themba Hadebe

Африка қитъасининг энг ривожланган давлатларидан бири бўлган ЖАР президентининг ҳам ўша пайтда камида бир йиллик муддати бор эди. Аммо коррупция билан боғлиқ можарога аралашиб қолган президент ўз ваколатини муддатидан олдин топширишга қарор қилди.

Ҳукмрон партия бўлган “Африка миллий конгресси”нинг босимига дош бера олмаган Жейкоб Зума тўғридан-тўғри эфирда “мен туфайли партияда зиддият бўлмаслиги ва қон тўкилмаслиги учун ўз ваколатимдан воз кечмоқдаман”- дея баёнот берган.