Бугун дунё аҳолисининг катта қисми ўз вақтида ухламаслик ортидан келиб чиқадиган хасталиклардан азият чекмоқда. Нормал 8 соатлик уйқу миқдори камайиб бораётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Одатда, бу каби муаммодан қариялар азият чекишади. Лекин ҳаёт шиддати ошиб боравергани сари касаллик ёшариб боряпти. Хўш, биз нима учун хотиржам ухлолмаяпмиз? Сабаблари нимада? Даво йўллари борми?

Уйқуни неврологиянинг алоҳида йўналиши бўлган сомнология фан соҳаси бўйича ўрганади. Сомнолог-шифокорлар инсон уйқуси бўйича тадқиқот олиб боришади ва уйқусизлик билан боғлиқ касалликларни аниқлаб, даволашади. Сомнология ҳозирги вақтда жадаллик билан ривожланаётган тиббиёт соҳасидир. Ушбу фанни ўрганиш 1968 йилда Александр Вейн томонидан бошлаб берилган. У инсон уйқусини ёзиб олиб, тадқиқ қилган.

Нормал уйқу қандай аниқланади?

Фото: shutterstock

Видеомонитор орқали инсон уйқуси ёзиб олинади. Бемор ухлаётганда аппаратура керакли маълумотларни қайд этади ва комьютер хотирасига ўтказади. Шундан сўнг барча маълумотлар тўпланиб қайта ишланади ва умумий ҳолат ҳақида хабар берилади. Охирида гипнограмма орқали уйқу тузилиши, миқдори ва сифати ҳақида маълумот олиш мумкин.

Уйқу бузилишини қандай даволаш мумкин?

Энг оддий даво муолажаси фармакологик (дори воситалари) усул ҳисобланади. Бундан ташқари психотерапия, физиотерапия, игна билан даволаш, фототерапия (ёрқин оқ ранг билан даволаш) каби йўллар ҳам бор.

Экспертлар нима дейди?

Нейропсихолог Зарифбой Ибодуллаев:

«Инсон миясига роҳат бағишловчи энг кучли малҳам – бу уйқу», деган эди Ибн Сино. Ҳақиқатан ҳаёт ташвишлари ёки қандайдир сабаб орқали ухламай ишлайдиган, кам ухлаб, кўп ишлайдиганларда ақлий ва руҳий фаолият сустлашиб боради. Бу нималарда намоён бўлади? Ухламасдан тинмай ишлаш ҳеч қачон иш унумдорлигини оширмайди. Мия барибир ўз аламини олади.