Жаҳон | 18:05 / 21.03.2019
6289
2 дақиқада ўқилади

Круиз вақтида ногиронга айланган йўловчи 10 млн доллар товон пули талаб қилди

Фото: Royal Caribbean

Mariner of the Seas круиз лайнери йўловчиси аттракциондан йиқилиб ногиронга айланганидан сўнг Royal Caribbean компаниясини судга берди. Бу ҳақда Fox News хабар қилди.

Маълум қилинишича, америкалик 25 ёшли Кейси Холладей февраль охирида круиз лайнерида Багам оролларига саёҳатга чиққан. Саёҳат вақтида у кема юқори палубасида жойлашган Sky Pad аттракционида учмоқчи бўлади. Аттракцион тутқичга мустаҳкамланган шар шаклида бўлиб, йўловчилар шар ичига резина арқонлар билан боғланади ва батутда сакрашади.  

Холладейнинг айтишича, шар юқорига кўтарилиши билан тутқич синиб кетган ва у олти метр баландликдан қулаган.

Кема воқеа содир бўлиши билан жабрланувчини касалхонага ётқизиш учун Майами портига қайтган. Холладей тўққиз кун касалхонада ётган ва бир нечта операцияни бошидан ўтказган. Эндиликда у фақат ҳассалар ёки ногиронлар аравачасида ҳаракатланиши мумкин.

У Royal Caribbean компаниясидан 10 миллион доллар товон пули тўлашни талаб қилмоқда. Унинг адвокатининг айтишича, Sky Pad каби кўнгилочар аттракционлар фақат қуруқликда жойлашиши ва мутахассислар назоратида бўлиши шарт.

Мавзуга оид