Йигирма йиллар муқаддам катта клублар юлдуз футболчиларни жалб қилиб, улардан бор имкониятни ишга солишни талаб қилишган ва шу орқали совринлар ютиш ҳақида ўйлашганди. Асрнинг иккинчи ўн йиллигидан бошлаб эса, фақат тайёр футболчиларга эмас, футбол илми, таҳлили ва технологияларига ҳам инвестиция киритиш самарали экани ойдинлашиб бормоқда.

"Ливерпуль"да бугунги кунда беш нафар фан доктори фаолият олиб боради. "Манчестер Сити" ўз стадиони атрофига шаҳарча қуриб, у ерда энг замонавий машғулот комплексини барпо қилмоқда. Аммо бу йўналишда энг олдинга қадам ташлаган жамоа, шубҳасиз, "Барселона"дир. 

2017 йилда Каталонияда “Barca Innovation Hub” номли инновацион марказ ташкил этилди. BIH - олимлардан ташкил топган гуруҳ бўлиб, улар келажакда "Барселона" футболчиларининг бошқалардан кучлироқ, тезкорроқ бўлишлари, камроқ жароҳат олишлари ва майдонда бир-бирларини яхши тушунишлари учун илмий ишлар олиб боришади. Бу олимлар ўз фаолиятларида мутлақо эркин бўлиб, ўз кашфиётларини Ла Масиядаги баскетбол, футбол, гандбол жамоаларида тарбия олаётган болакайлардан тортиб, Лео Месси устида ҳам синовдан ўтказиш имкониятга эгалар.

Ўйин таҳлилида янги давр

"Таҳлил ўйинда энг ҳал қилувчи омил эмас"  – деганди Вальверде “Financial Times” журналисти Саймон Купер билан суҳбатда. – Футболда ўйинни тўхтатиш, тайм-аут олиш мумкин эмас, демак бошқа спорт турларидаги ҳамкасбларимизга қараганда, биз ўйинга таъсир ўтказа олмаймиз. Майдон четидан туриб бақирганларимни эшитишмайди кўпинча. Футбол – футболчиларникидир. 45 дақиқа давомида барча қарорларни уларнинг ўзлари. қисқа муддатда қабул қилишади. Буюк футболчилар ўйинни мендан кўра яхшироқ таҳлил қиладилар, ҳис қиладилар, бу аниқ".

BIH нинг фаолияти Вальверденинг сўзларини инкор қилмайди, аксинча, айнан шу йўналишдан, яъни футболчиларнинг ўйинга таъсири кўпроқ эканидан келиб чиқади. Табиийки, футболчи муҳим, чунки айнан уларнинг ҳаракатлари мураббийларнинг энг кучли режаларини ҳам барбод қилиши мумкин. Шу фаразлардан келиб чиқиб, олимлар ўйинни яхшилаш йўлида ностандарт ёндашадилар.

Ўн беш йил олдин футболчиларнинг майдондаги ҳаракатларини ва километражни акс эттирувчи хариталар ёки аниқ паслар статистикаси революцион қадам эди. Ҳозир бундай таҳлиллар профессионал бўлмаган оддий жамоаларда ҳам қўлланилади ва энди дронлар, GPSлар билан футболчининг ўйиндаги ёки машғулотлардаги ҳаракатларини баҳолай олишмоқда. Таҳлилчилар бу орқали позицияни тўғри танлаш ва очиқ зоналар ташкил қилиш йўлларини қидиришади.