Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада йиллар давомида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмасдан келинган, мелиоратив ҳолати ёмонлашган суғориладиган ер майдонларини босқичма-босқич фойдаланишга киритиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат республикада йиллар давомида фойдаланилмасдан келинаётган суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги ва сув таъминотини яхшилаш, ушбу майдонлардаги сув хўжалиги тизимини тиклаш ҳамда босқичма-босқич фойдаланишга киритиб самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилиниши мумкин.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг республикада йиллар давомида фойдаланилмасдан келинаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерларни босқичма-босқич фойдаланишга киритиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.
Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019-2021 йиллар даврида фойдаланишга киритилаётган қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг прогноз кўрсаткичлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманларда фойдаланишдан чиққан экин майдонларини фойдаланишга қайтариш бўйича 2019-2021 йилларда амалга ошириладиган ирригация тадбирларининг прогноз кўрсаткичлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманларда фойдаланишдан чиққан экин майдонларини фойдаланишга қайтариш бўйича 2019-2021 йилларда амалга ошириладиган мелиорация тадбирларининг прогноз кўрсаткичлари;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019-2021 йилларда фойдаланишга киритилаётган суғориладиган ер майдонларига илмий асосланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланади.
2019-2021 йилларда амалга ошириладиган ирригация ва мелиорация тадбирлари бўйича:
буюртмачи ташкилот қилиб – Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ҳудудий “Сув қурилишинвест” давлат унитар корхоналари;
бош лойиҳачи ташкилотлар – ўрнатилган тартибда;
бош пудрат ташкилотлари қилиб – Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослашган давлат унитар корхоналари белгиланади.
















