Туркия Ўзбекистондаги ислом илмий мактабларини қўллаб-қувватлашга тайёр
18 март куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Меҳмет Сурайё Эр Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Элчи муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов билан мулоқот ўтказган.
«Муфтий ҳазратлари элчи жанобларини ушбу шарафли ва масъулиятли вазифа билан муборакбод этиб, улкан ютуқлар тиладилар. Меҳмет Сурайё Эрнинг элчилик даврида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланиши, бунда элчи жанобларининг саъй-ҳаракатлари катта бўлишини билдирдилар», дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарида.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов элчини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, икки қардош халқлар азалдан дўст бўлгани, охирги йилларда ушбу дўстлик янада мустаҳкамланаётганини билдирган. Шунингдек, раис зиёрат туризмини ривожлантириш, «Ҳаж-Умра» тадбирларини ташкил этиш, диний соҳа ходимларининг малакасини ошириш борасида ўзаро тажриба алмашиш ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини таъкидлаган.
Ўз навбатида элчи ўтган икки ярим йил ичида Ўзбекистон ва Туркия давлатлари алоқалари янги босқичга кўтарилгани, кўп томонлама алоқалар ривож топгани, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда келишувларга эришилганини алоҳида қайд этган.
У Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва илмий мактаблар иш бошлаганини алоҳида эътироф этиб, Туркия мана шу мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ахборот ресурс марказларининг фаолиятини янада ривожлантиришга яқиндан ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.
Мулоқотда томонлар диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга оид турли масалаларни ҳам муҳокама қилишган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Калом, Ҳадис, Тасаввуф, Ақида ва Фиқҳ илмлари бўйича 5та мактаб ташкил этилган.