Тошкент шаҳар ИИББ сайтида коррупция муаммоси ҳақида мақола эълон қилинди.

“Порахўрлик муаммоси ҳақида фикр юритишар экан, одамлар кўпинча ўзлари билиб-билмай унинг ривожига “ҳисса” қўшаётганларини англаб етмайдилар. Баъзан бу “ебтўймас махлуқ” балосидан икки-учта ишдан бўшатишлар билан қутулиш мумкиндек туюлади. Лекин минглаб одамлар – оддий уй бекаларидан тортиб фирмалар ходимлари, автомобиль ҳайдовчилари, бошқа ўнлаб касб эгалари ўз қўллари билан боқиб турган бу офат балосини юзлаб порахўрни вазифасидан четлатиш билан ҳам бартараф этиш мумкин эмаслигини англаб етмайдилар...”, деб бошланади мақола.

Қайд этилишича, бир пайтлар Ўзбекистон ва бошқа шарқ халқлари турмуш маданиятига дахлдор бўлган, яхши хушхабар эшитганда – фарзанд ёки набира кўрганлиги, тўй хабарини келтирган кишига рўмолча, белбоғ совға қилиш, яъни “суюнчи” бериш гўзал анъана ҳисобланган.

“Бугунги кунда эса бу ажойиб одатнинг кўриниши, “турқи” бузилган. Энди деярли ҳар бир киши уни ишга қабул қилаётган идора раҳбари ёки ҳужжатини расмийлаштираётган ходимни олдиндан “рози қилиш”га интилади. Буни зиммасидаги “мажбурият” сифатида қарашга ўрганиб қолган. Агар бунга имконияти йўл бермаса у ўзига “номуносиб иш”ни беришларидан чўчиб туради. Агар шундай ҳолат юз берган тақдирда ҳам бирор жойга шикоят қилишга ўзини ноҳақ, деб билади. Тўғри, бундай ҳолатлар юзасидан шикоятлар тушиб туради. Уларнинг аксарияти тўғри, деб топилади ҳам. Чунки илгари имконияти борлардан “рағбатлантирилган” ходимлар энди ҳар бир кўрсатган ёрдами, хизмати учун нимадир таъма қилишга одатланиб қолган бўлади”, дея давом эттирилади мақола.

Унда ёзилишича, шундай ҳоллар ҳам учрайдики, баъзан одамлар бундай “суюнчи”ларни ходимларнинг қаршилигига қарамай уларга тиқиштиришга интилишади. Яна бундай ишларини “агар олмасангиз хафа бўламан”, “буни чин кўнгилдан бераяпман” деган сўзлар билан оқлайдилар ҳам. Баъзан бу гаплардан кейин “мукофотни” олмасдан иложи қолмайди.

“Бунга ёрқин мисол яқинда Ўзбекистондаги оммавий телеграм-каналлардан бирида кўрсатилди. Намойиш этилган видеода адашиб қолган боласини топган бахтли ота бунга кўмаклашган ички ишлар бўлими ходимларига “суюнчи” беришга интилаётгани кўриниб турибди. Бу ота ички ишлар ходимларининг қаршилигига қарамай, “суюнчини” ташлаб, ташқарига отилиб чиқмоқда. Эҳтимол у ўзининг милиция ходимларидан нақадар миннатдор эканлигини изҳор қилмоқчи бўлгандир, аммо беихтиёр кейинчалик унинг мавжудлигидан шикоят қилишга мажбур бўладиган муаммонинг вужудга келишига кўмаклашганини ўйлаб ҳам кўрмади. Кейинчалик ушбу воқеа хусусида дўстларига сўзлаб берганида, “албатта, мен уларни қуруқ қўймадим, шу сабабли сидқидилдан интилишди” деб ҳам қўшимча қилиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу билан вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмаклашиш маркази ходимининг болани топишга сарфланган беминнат хизмати, уни излаган ва марказга келтирган бошқа кишиларнинг беғараз ёрдамига ноҳақ соя солинди”, таъкидланади мақолада.