Андижон вилоятида Фавқулодда вазиятлар бўлими мансабдори пора олишда гумонланиб, ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Шаҳрихон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари Б.Г. ҳудуддаги МЧЖлардан бирининг иш юритувчисидан 1,5 млн сўм олган вақтида ушланган.
Мансабдор ушбу пул эвазига умумий овқатланиш шохобчасида келгусида текширув ўтказмаслик ва текширувчилар келган тақдирда унинг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қизириқда Савдо-саноат палатаси бўлими бошлиғи ушланганди.

















