Эквадор Бош прокурори Рут Паласиос мамлакат президенти Ленин Моренонинг офшор компанияларга алоқадорлигидан шубҳа қилиб, барвақт суриштирувни бошлади, деб хабар бермоқда El Universo.
Маълум қилинишича, Бош прокурор суриштируви Панамада рўйхатдан ўтган бир нечта офшор компаниялар фаолиятига боғлиқ ҳолда олиб борилади. Паласиос ушбу компаниялар президент Морено учун бир қанча кўчмас мулк харид қилгани ҳақидаги хабарни текшириши керак.
Президент ва унинг офшор компанияларга алоқадорлиги ҳақида Бош прокуратура парламент аъзоси Ронни Алеаг баёнотидан сўнг хабар топган. Парламентарий ўз баёнотида Fuenta ахборот портали маълумотларига таянган ҳолда президент фаолиятини танқид қилганди.
Fuenta ахборот портали амалдаги президент, собиқ вице-президент 2010 йилдаёқ Хитойнинг Sinohydro корпорацияси ҳукумат буюртмасини тендерда ютиб олишидаги «хизматлари учун» офшор компаниялар ёрдамида 18 миллион долларни ўзлаштирган ҳақида ёзган.















