Иқтисодиёт | 08:50 / 01.04.2019
14668
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда январь-март ойларида нархлар қанчага ошгани маълум қилинди

Фото: Pixabay

2019 йилнинг март ойи давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари ўртача 1,2%га кўтарилди, деб хабар қилмоқда Давлат статистика қўмитаси.

Умумий ҳисобда 2019 йилнинг январь-март ойларида истеъмол бозоридаги товар ва хизматлар нархи 4,3%га қимматлашди.  2019 йилнинг январь ва февраль ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар 1,5% ва 1,6%га ошган. 

2018 йилнинг март ойига нисбатан республика истеъмол секторидаги ўртача нархлар даражаси 13,6%га кўтарилган 

2019 йилнинг март ойида товарлар нархи ўртача 1,2%га, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8%га ошди. Хизматлар эса ой давомида 1,2%га қимматлашди. 

2019 йилнинг март ойида озиқ-овқат маҳсулотларидан нархларнинг ўсиши борасидаги етакчилик мева-сабзавот ҳамда сут маҳсулотлари гуруҳига тегишлидир (нархлар мос равишда 4,5% ва 1,5%га қимматлашган). Тухум нархлари эса кетма-кет икки ой давомида арзонлашган (февралда 0,2%, март ойида 1,2%). 

Йил бошига нисбатан умумий ҳисобида мева-сабзавот маҳсулотлари уч ой давомида 17,7%га, жумладан, мевалар 21,9%, сабзавотлар 20,5% ва картошка 1,3%га қимматлашган. 

2018 йилнинг декабрь ойига нисбатан нархларнинг кўтарилиш борасидаги кейинги етакчи ўринларни сут маҳсулотлари (8,1%) ҳамда умумий овқатланиш банд этган (8,0%). 

Ой давомида мева-сабзавот маҳсулотларидан карам (15,7%), полиз маҳсулотлари (тарвуз 11,1%, қовун 12,7%), помидор (10,4%), узум (9,4%), сабзи (7,2%) ва пиёз (6,2%) нархлари сезиларли даражада қимматлашди. Шу билан бир қаторда, бодринг (3,1%) ва картошка (0,4 %) нархларининг арзонлашганлиги кузатув натижаларида қайд этилган. Кузатилаётган бошқа турдаги мева ва сабзавот маҳсулотлари нархларида деярли жиддий ўзгаришлар қайд этилмади. 

2018 йилнинг декабрь ойига нисбатан нархларнинг ўсиши борасидаги етакчи ўринлар узум (49,5%), тарвуз (45,1%), помидор (44,6%), қовун (34,1%), карам (26,0%), нок (25,1%), бодринг (14,6%) ва банан (14,2%) маҳсулотларига тегишлидир. 

Йиллик нарх ўзгаришлари таҳлилига кўра карам (3,1 баравар), сабзи (2,1 баравар), қовун (37,1%) ва тарвуз (34,9%), цитрус ҳамда қуруқ мевалар (мос равишда 17,2% ва 17,0%) нархлари бошқаларга нисбатан бирмунча юқори суръатда қимматлашди. Шулар билан бир қаторда, саримсоқ (41,6%), узум (33,0%), картошка (26,2%), пиёз (19,0%) ва олма (18,6%) нархлари арзонлашган. 

Жорий йилнинг март ойи давомида сутли маҳсулотлардан сут (2,4%), қатиқ, чучук қатиқ (2,3%), сузма (2,2%), суюлтирилган ва колбасали пишлоқ (2,1%) ҳамда қаймоқ (1,5%) нархлари қимматлашди. 

Мавзуга оид