Жаҳон | 08:41 / 01.04.2019
20479
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг энг бой аёлларидан бири учраган авиаҳалокатнинг эҳтимолий сабаби маълум қилинди 

Фото: DPA

Германия парвозлар хавфсизлиги хизмати вакили S7 Group холдинги эгаларидан бири, Россиянинг 4-рақамли энг бой аёли Наталия Филева Германияда учраган авиаҳалокатнинг эҳтимолий сабабини маълум қилди. 

Авиаҳалокат 31 март куни Epic хусусий самолётининг Франкфурт-Майндаги аэропортга қўниши вақтида юз берган. Ҳалокатда Филева, унинг отаси ва учувчи ҳалок бўлгани маълум қилинган. Бироқ ҳозирча бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.  Самолёт қулагандан кейин буткул ёниб кетган. Жасадларнинг шахсини ўрнатиш жорий ҳафтада ўтказилади.  

Тахмин қилинишича, учувчи самолётни буриш вақтида назоратни йўқотган. Таъкидланишича, самолёт “бевосита қўниш олдидан” қулаган. Учувчи ҳалокат вақтида ДФС радиолокацион бошқарув тизими кўрсатмаларига амал қилмай, самолётни визуал парвоз қоидаларига кўра бошқарган. 

Бизнес-жет S7 Group таркибига кирувчи “Глобус” авиакомпаниясига тегишли бўлган. 55 ёшли Филева отасини Германияга даволаш учун олиб кетаётган бўлган. Forbes нашри 2018 йилда унинг бойлигини 600 млн долларга баҳолаган.

Филевага тегишли холдинг 2019 йилгача S7 Group деб аталган, ҳозирда унинг номи S7 AirSpace Corporation бўлиб, авиаташувлар бажариш, саёҳатларни ташкиллаштириш, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш, авиация ходимларини ўргатиш, ракеталарни учириш ва космик объектларни орбитага олиб чиқиш билан шуғулланувчи 15 та компанияни, жумладан S7 Airlines бренди остида парвозларни амалга оширувчи “Сибирь” авиакомпаниясини, S7 Tour туристик компаниясини ўз ичига олади.