22 сентябр куни Аичи ва Нагояда бўлиб ўтаётган 2026 йилги Осиё ўйинларида Ўзбекистон вакиллари спортнинг 15 турида иштирок этди. Учинчи мусобақа кунининг асосий натижаси ММА ва ушу бўйича қўлга киритилган учта кумуш медал бўлди. Бундан ташқари, футбол бўйича олимпия терма жамоаси гуруҳ босқичини юз фоизлик натижа билан якунлади.

Ўзбекистон аралаш яккакурашларда бирданига иккита медални қўлга киритди

photo_2026-09-22_22-19-34
Фото: МОҚ

Фирдавс Отамуродов 60 кг гача бўлган вазн тоифасида модерн йўналишида кумуш медал соҳибига айланди. Финалда ўзбекистонлик жангчи Тожикистон вакили Мирзобек Умаров билан тўқнаш келди ва 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

photo_2026-09-22_22-19-41
Фото: МОҚ

Аёллар ўртасидаги ММА турнирида яна бир кумушни Ҳилола Собирова қўлга киритди. Анъанавий йўналишнинг 60 кг гача бўлган вазн тоифасидаги финалида у сингапурлик Тео Хуэй Хунга имкониятни бой берди.

photo_2026-09-22_22-19-29
Фото: МОҚ

Куннинг учинчи кумуш медалини Даря Латишева тақдим этди. Нансюан ва нандао йўналишлари бўйича ушу мусобақаларида ўзбекистонлик спортчи 19,413 балл тўплаб, иккинчи ўринни эгаллади. Ушбу медал Латишеванинг фаолиятида Осиё ўйинларида қўлга киритган учинчи мукофоти бўлди.

Футболчилар кетма-кет учинчи ўйинда ғалаба қозонди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси футбол турнирининг гуруҳ босқичини Вьетнам устидан қозонилган ғалаба билан якунлади — 2:0.

Равшан Ҳайдаров шогирдлари гуруҳ босқичини максимал натижа — 3 та ўйинда 3 та ғалаба ва 9 очко билан якунлади. Чоракфиналда ўзбекистонликлар 25 сентябр куни Саудия Арабистони билан куч синашади.

Аёллар ўртасидаги шоссе велоспорти бўйича гуруҳ пойгасида Ўзбекистон шарафини бирданига бир нечта спортчи ҳимоя қилди. Улар орасида энг яхши натижани олтинчи ўринни эгаллаган Янина Кускова қайд этди.

Стол тенниси бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мусобақадаги иштирокини муваффақиятли бошлади. Жамоавий турнирда ўзбекистонлик қизлар Қозоғистонга қарши кескин ўйин ўтказиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди ва мусобақада курашни давом эттирадиган бўлди.