Туркияда 31 март куни ўтказилган маҳаллий сайловлардаги овозларни ҳисоблаш жараёни якунланмоқда. Асосий сюрпризлар: ҳукуматдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) мамлакат пойтахти Анқарада ва стратегик аҳамиятга эга муҳим шаҳар Истанбулда ютқазди.

Бу сайловларнинг аҳамияти нимада?

Муниципиал сайловлар беш йилда бир марта бутун Туркия бўйлаб ўтказилади - 81 муниципалитетда, жумладан пойтахт Анқарада ҳамда мамлакатнинг барча йирик шаҳарларидаги жами 57 миллион сайловчи овоз бериш жараёнида қатнашди.

Сайловлар зўравонлик ҳолатлари билан бирга кечди, икки сайловчи Малатья шаҳрида (Туркия шарқида) отиб кетилди.

Сиёсий нуқтаи назардан бу сайловларнинг аҳамияти юқори, бу сайлов 2018 йилнинг июнидаги навбатдан ташқари президентлик сайловларидан кейинги энг йирик умуммиллий референдум бўлди.

Ўшанда президент Ражаб Тоййиб Эрдўған 52,59 фоиз овоз олган ҳолда ғалаба қозонган ва янги муддатга (аввалги президентлик муддати ноллаштирилиб) сайланган, ваколатлари кенгайганди.

Эрдўған 31 март кунги сайловларни «мамлакат учун ҳал қилувчи» деб атади. 2002 йилдан буён сайловларда узлуксиз ғалаба қозониб келаётган Адолат ва тараққиёт партиясининг асосий рақиби мухолифатдаги сўл марказчи партия - Республика халқ партияси (камолчиларнинг Жумҳурият халқ партияси) бўлди.

Сайлов натижалари қандай бўлмоқда?

Акром Имомўғли рафиқаси билан Истанбулдаги сайлов участкаларидан бирида
AFP/GETTY IMAGES

Адолат ва Тараққиёт партияси 81 муниципалитетдан 49тасини назорат қилади, сайловларда эса фақат 41 муниципалитетда ғалабага эришилди. Умуман, бу партия номзодлари 51 фоиз атрофидаги овоз билан устунлик қилишди.

Эрдўған сайловда ўз партияси ғалаба қозонганини эълон қилди, аммо унинг тарафдорлари иккита муҳим шаҳарда - Анқара ва Истанбулда ютқазишди. Бу шаҳарлар 1990-йиллардан буён АТП назоратидаги ҳудуд ҳисобланарди.

Бундан ташқари, партия яна бир йирик шаҳарда - Измирда ғалаба қозонолмади. Анқарада РХП вакили Мансур Яваш АТП номзоди Мехмет Озхасекини енгди, Истанбулда эса мухолифатчиларнинг яна бир вакили Акром Имомўғли собиқ бош вазир Биноли Йилдиримдан устун келиб, мэр этиб сайланди.