DW таҳлилига кўра, русийзабон сайловчиларнинг қарашларини фақат Россияга муносабати орқали тушунтириб бўлмайди. Уларни ижтимоий сиёсат, иқтисодиёт, рус тилининг мавқеи ва давлатнинг миллий озчиликларга муносабати ҳам ташвишлантирмоқда.

Айримлар Латвиянинг Европа йўналишини қўлласа, бошқалар Москва билан прагматик муносабатларни сақлаш тарафдори. Яна бир қисм сайловчи эса амалдаги ҳокимият сиёсатидан умуман норози.

Русийзабон аҳоли бир хил фикрда эмас

Хабарда келтирилишича, этник руслар Латвия аҳолисининг қарийб чорак қисмини ташкил этади. Аҳолининг 37 фоиздан ортиғи эса рус тилини она тили деб билади. Бу икки кўрсаткич турли тушунчалар — этник мансублик ва она тилига тааллуқли.

Фридрих Эберт жамғармаси тадқиқотига кўра, латишларнинг қарийб 80 фоизи расмий Киевни қўллаб-қувватлайди. Русийзабон ва аралаш оилалар орасида бу кўрсаткич тахминан учдан бир қисмни ташкил этади.

Шу билан бирга, тадқиқот русийзабон аҳолининг аксарияти ҳам Владимир Путин сиёсатини маъқулламаслигини кўрсатган. Бироқ уларнинг Путинга танқидий муносабати Латвия ҳукуматининг барча қарорларини қўллаб-қувватлашини англатмайди.

Тил сиёсати норозилик сабабларидан бири

DW ёзишича, 2022 йилдан кейин Латвияда совет ёдгорликлари олиб ташлана бошланган, рус тилидаги пешлавҳа ва ёзувлар қисқартирилган. Миллий озчиликлар мактабларидаги таълим латиш тилига ўтказилмоқда.

Хабарда 1 сентябрдан Россиядан китоб олиб кириш тақиқлангани, келаси йил эса жамоатчилик ОАВнинг рус тилидаги эшиттириш ва кўрсатувлари амалда тўхташи қайд этилган.

Маданиятшунос Денис Ханов бундай сиёсат русийзабон аҳолининг давлатдан бегоналашувини кучайтириши мумкин деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, катта бир аҳоли гуруҳига доим шубҳа билан қараш жамиятдаги ишончга салбий таъсир қилади.

DW суҳбатлашган Рига аҳолиси ҳам тилдан қатъи назар тенг муносабат, ижтимоий ҳимоя ва кексаларга эътибор масалаларини кўтарган.

Қарийб 160 минг киши сайловда овоз бера олмайди

Латвияда алоҳида «фуқаро бўлмаган шахс» мақомига эга аҳоли қатлами мавжуд. Хабарга кўра, улар қарийб 160 минг киши ёки аҳолининг 9 фоизини ташкил этади. Аксарияти руслар, беларуслар ва украинлардир.